Британияда ҳарбий вертолёт қулади. Қурбонлар бор
Олам
−
04 Июнь 880 1 дақиқа
Буюк Британия Қироллик ҳарбий-денгиз кучларига қарашли вертолёт Англиянинг жануби-ғарбидаги Девон графлигида ҳалокатга учради. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Ҳодиса юзасидан тергов бошланиб, воқеа жойига полиция ҳамда фавқулодда хизматлар юборилган.
Қироллик ҳарбий-денгиз кучлари маълум қилишича, ҳарбий вертолёт Девон ҳудудига қулаган. Шундан сўнг воқеа жойига кўплаб полиция, ёнғин хавфсизлиги ва тиббий бригадалар жалб этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокат оқибатида қурбонлар бор. Бироқ вертолёт бортида бўлган ҳарбий хизматчиларнинг сони ва ҳолати ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган.
Ҳозирда авария сабаблари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, ҳалокат содир бўлган ҳудуд яқинида Қироллик ҳарбий-денгиз кучларининг икки муҳим авиабазаси жойлашган. Улардан бири Корнуоллдаги Ҳелстон шаҳри яқинидаги RNAS Culdrose базаси бўлиб, у Европадаги энг йирик вертолёт базаларидан бири ҳисобланади. Сомерсетдаги RNAS Yeovilton базасида эса 100 дан ортиқ ҳаво кемаси жойлаштирилган.
Британия расмийлари вертолёт ҳалокати билан боғлиқ ҳолатларни ўрганишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиянинг Ғарбий Калимантан провинциясида бортида олти нафар йўловчи ва икки нафар экипаж аъзоси бўлган Airbus H130 вертолёти ҳалокатга учраганди. Оқибатда бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлган.
Live
Барчаси