Британия ва АҚШ ядровий ҳамкорликни номаълум муддатга узайтирмоқчи
Олам
−
03 Сентябрь
1793Буюк Британия ва Қўшма Штатлар ядровий ҳамкорлик шартномасини номаълум муддатга узайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Лондон ва Вашингтон бу қарорни икки мамлакатнинг ядровий воситаларини модернизация қилиш мақсадида қабул қилган. Шартнома Буюк Британия ва АҚШ ўртасидаги “махсус муносабатлар”нинг асосий устуни бўлиб, уларга ядровий технология ва маълумот алмашиш имконини беради, лекин ядровий қуроллар устидан назоратни алмашиш ёки ўтказишга рухсат бериш бундан мустаснодир.
АҚШ ва Британия ўртасида ядровий ҳамкорлик 1958 йилда имзоланган, 2014 йилда эса яна 10 йилга узайтирилган. Эндиликда анъанавий узайтириш ўрнига Британия ва АҚШ ҳукуматлари расман 10 йиллик чекловни олиб ташлашни ва келишувни муддатсиз қилишни тавсия қилган.
Янгиланган шартнома ратификация қилиниши керак. Буюк Британияда, агар мамлакат парламенти 21 кун ичида унга қарши резолюция қабул қилмаса, бу автоматик тарзда содир бўлади. АҚШ Президенти Жо Байден июль ойида Конгрессни шартномани ратификация қилишга чақирди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, шартноманинг муддатсиз узайтирилиши АҚШнинг бўлажак президенти ким бўлишидан қатъи назар унинг амал қилишини кафолатлайди.
“Буюк Британия учун яхши янгилик, у келажакдаги АҚШ маъмурияти кенгайтмадан таянч сифатида фойдаланиши ҳақида ташвишланмаслиги керак”, дейди қироллик Мудофаа тадқиқотлари институти директори ўринбосари Малколм Чалмерс.
У 2014 йилдан кейин Буюк Британия сиёсатчиларининг ядровий қуролга қарши кайфияти “асосан Россия таҳдидининг кучайиши туфайли” заифлашганини эслатди. Бундан ташқари, Лондон ўзининг ядровий каллаклари арсеналини фаол равишда кенгайтираётган Хитойни ҳисобга олишга мажбур.
FT таъкидлашича, бу фонда Буюк Британия ва АҚШ ўзларининг ядровий тўхтатувчи воситаларини қимматга тушадиган модернизация қилишга киришмоқда. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ядро дастурини назорат қилувчи бўлинма (Defence Nuclear Organisation) бюджети 10 йил ичида 62 фоизга ўсиб, 100 миллиард фунт стерлингга (131 миллиард доллар) етади. АҚШнинг 30 йиллик ядровий модернизация дастури йилига 75 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлайди.
Шартномани муддатсиз узайтириш ғояси, шунингдек, 2021 йилда яратилган Австралия-Буюк Британия-АҚШ хавфсизлик ҳамкорлиги AUKUS томонидан илҳомлантирилган. У ядровий сув ости кемаларини ишлатиш учун маълумотлар ва жиҳозларни Канберрага ўтказишни назарда тутади. FT таъкидлашича, Австралиянинг AUKUS сув ости кемаси дастури 2050 йилларнинг ўрталаригача 368 миллиард Австралия доллари (248 миллиард доллар)га тушади.
LiveБарчаси