Британия уруш даври режимига режа тайёрлаяпти

Олам

image

Буюк Британия ҳукумати бутун мамлакатни – армия ва полициядан тортиб, шифохоналар ва саноатгача урушда иштирок этишга тайёрлаш бўйича кенг кўламли режанинг янги талқинини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Буюк Британия Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони, авиация маршали Ричард Найтон “Sky News” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, расмийлар ва фуқаролар шунчаки гибрид ҳужумлар билан чекланиб қолмайдиган, балки Британия билан уруш ёқасида турган душманнинг ҳаракатларига тайёр бўлишлари керак.

“1976 йилдан бери янгиланмаган ҳукумат уруш китобининг (Government War Book) тайёрланаётган янги таҳрири британлардан давлат барқарорлиги масалаларига бошқача ёндашишни талаб қилади”, дейди Найттон. 

Унинг таъкидлашича, режа совуқ уруш даври сабоқларига таянади, аммо “замонавий контекстда, ҳозирги жамият ва инфратузилма ҳолатини ҳисобга олган ҳолда” тузилади. Бу электр станциялари ва сув таъминоти тизимлари каби муҳим инфратузилмаларнинг нафақат табиий офатларга, балки уруш хавфига нисбатан ҳам чидамлилигини таъминлашни ўз ичига олади.

Стратегиянинг аввалги версияси инқироз шароитида нафақат ҳарбийларни, балки тинч аҳоли ва саноатни ҳам сафарбар қилиш бўйича батафсил рўйхатлар ва кўрсатмаларни ўз ичига олган эди. Унга мактабларни ёпиш, шифохоналарни бўшатиш, озиқ-овқат учун карточка тизимини жорий этиш ва ҳатто миллий бойликларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича йўриқномалар кирган.

“Тинч аҳоли шуни англаши керакки, Буюк Британия охирги 30 йил давомида баҳраманд бўлган нисбий тинчлик вазияти устида тобора катта хавф пайдо бўлмоқда. Бу биздан хабардорликни оширишни талаб қилади. Биз аҳолига ушбу таҳдидларнинг моҳиятини, шунингдек, одамлар мамлакатни ва эҳтимолий қуролли кучларни қўллаб-қувватлаш учун нималар қила олишини тушунишга ёрдам беришимиз керак”, дейди маршал.

Маълумот учун, бунгача мамлакат Бош вазири Кир Стармер ва Мудофаа вазири Жон Хили мудофаа харажатларини ЯИМнинг 3,5 фоизигача (ҳозирда 2 фоиздан бироз кўпроқ) оширишга ваъда берган, бироқ бу 2035 йилдан олдин амалга оширилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия уруш даври режими Ричард Найтон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг