Британия Украинага мингдан ортиқ дрон ва қўшимча ракеталар етказиб беради
Олам
−
10:42 181 2 дақиқа
Буюк Британия Украинага 1 мингдан ортиқ узоқ масофага учувчи зарбдор дрон етказиб беради. Улар фронт чизиғидан анча узоқдаги нишонларга зарба бериш имкониятига эга. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Қайд этилишича, қиймати 341,4 миллион доллар бўлган янги ҳарбий ёрдам пакети бугун, 19 ноябрь куни Берлинда ўтказиладиган “Кўнгиллилар коалицияси“ учрашувида эълон қилинади. Бу ҳақда Британия Бош вазири Энди Бэрнем маълум қилади.
Ёрдам пакети таркибидаги зарбдор дронлар оғир жанговар каллакларни олиб юриш имкониятига эга. Шунингдек, Британия Украинага денгиз, логистика ва разведка учун мўлжалланган учувчисиз аппаратларни ҳам етказиб беради. Улар фронтдаги бўлинмаларни таъминлашда ҳам қўлланади.
“Биз Украина ўзини Россия ҳужумлари ва муҳим инфратузилмага мунтазам берилаётган зарбалардан ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни ишга соламиз“, деган Бэрнем.
Бундан ташқари, Британия Украинага қўшимча енгил кўп мақсадли ракеталар етказиб беришни ҳам бошлаган. Лондон маълумотига кўра, ҳамкорлар кўмагида Украина томонидан реактив дронларни уриб тушириш кўрсаткичи сентябрь ойи бошидаги 30 фоиздан тахминан 70 фоизга ошган.
Аввалроқ, Британия Мудофаа вазирлиги Украинага 240 миллион фунт стерлинглик ёрдам пакети доирасида 1 мингдан ортиқ қисқа масофали зенит ракеталари, учириш қурилмалари ва 12 дан ортиқ радар етказиб беришини билдирган эди. Етказиб бериш декабрь ўрталарида бошланиши режалаштирилган.
Октябрь ойида эса Британия Украинага қўшимча 10 миллиард фунт стерлинг (13,29 миллиард доллар) иқтисодий ва ҳарбий ёрдам ажратишини эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Украина учун АҚШ қуролларини харид қилишга маблағ ажратишни тўхтатиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Болгария ҳам Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатишини маълум қилган эди.
Live
Барчаси