Британия Россиянинг эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўришни бошлади
Олам
−
06 Май 4181 2 дақиқа
Буюк Британия Россия томонидан эҳтимолий ҳарбий ҳужумга қарши тайёргарлик кўришни бошлади. Бу ҳақда “The Telegraph” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, Британия ҳукумати сўнгги марта 2005 йилда янгиланган ҳарбий фавқулодда ҳолат режаси – “миллий мудофаа режаси”нинг янгиланган вариантини ишлаб чиқмоқда. Мазкур режа, агар Британия душман тажовузига учраса, можаро бошланган дастлабки кунларда ҳукуматнинг қандай ҳаракат қилиши кераклигини белгилаб беради. Махфий ҳужжатда уруш эълон қилиниши ҳолатида ҳукуматнинг жавоб чоралари, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва қироллик оиласини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган бункерлардан қандай фойдаланиш, темирйўл ва автомобиль йўллари, фуқаро флоти, почта ва телефон тармоқлари, оммавий ахборот воситаларининг ишлаш тартиби ҳамда зарурий ресурсларни жамғариш бўйича чора-тадбирлар баён этилади.
Шунингдек, режада можаролар бошланишининг бир нечта сценарийси келтирилади. Улар орасида одатий ва ядровий ракеталар билан тўғридан тўғри ҳужум, шунингдек, илк бор батафсил кўриб чиқилаётган киберуруш сценарийси ҳам мавжуд. “The Telegraph” нашрига кўра, ушбу режа яқин ўн йилликларда оммага ошкор қилинмайди.
Бунга параллел равишда, Буюк Британия Мудофаа вазири Жон Хили илгари консерватив партия даврида армия етарлича молиялаштирилмагани ва ҳарбий қудрат анча сусайганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, Британия сўнгги йилларда фақат чекланган ҳарбий операцияларга тайёрланган, бироқ тўлиқ уруш ҳолатига тайёр эмас.
“Агар биз урушга тайёр бўлмасак, душманни ҳам тўхтата олмаймиз”, деди у.
Қайд этиш жоиз, 2024 йил февраль ойида Британия Мудофаа вазирлиги ҳарбий кучлар юқори интенсивликдаги жанглар учун зарурий тайёргарлик ва ресурсларга эга эмаслиги ҳақида ҳисобот эълон қилган. Унда мунтазам урушга тайёргарлик етарли даражада кўзда тутилмаётгани таъкидланган.
Шунингдек, НАТО Бош котиби Марк Рютте ва Германия Федерал разведка хизмати собиқ раҳбари Бруно Калл ҳам Россиянинг 2030 йилгача НАТО давлатларига ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Уларнинг фикрича, Россия нафақат Украинани босиб олиш, балки Европадаги АҚШ ҳарбий таъсирини йўқ қилиш ва янги глобал тартиб ўрнатишга интилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик тўрт ойлик машғулот – “Steadfast Defender 2024”ни ўтказган эди. Машғулотлар сценарийсига кўра, Россия альянсга аъзо давлат ҳудудига ҳужум қилган ва НАТО жамоавий мудофаа шартномасининг 5-моддасини ишга туширган, яъни Россия ва НАТО кучлари тўқнашган.
Live
Барчаси