Британия Россия пули ҳисобига Киевга ракета беради
Олам
−
25 Июнь 3687 2 дақиқа
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Украинага 70 миллион фунт стерлинг қийматидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини топширишни эълон қилди, бу эса музлатилган Россия активларидан олинган даромаддан фойдаланганлик учун тўланади. Стармернинг тегишли баёноти бугун, 25 июнга ўтар кечаси эълон қилинди.
“Янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида Киев Британия компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун 350 та замонавий ракета олади”, деб ёзади “The Guardian” газетаси.
Нашрнинг ёзишича, Лондон тўртинчи йилдирки Россиянинг кенг кўламли босқинидан ўзини ҳимоя қилиб келаётган Украина учун қурол сотиб олиш мақсадида Россия активларидан биринчи марта фойдаланмоқда.
“Украина Қуролли Кучлари учун мўлжалланган, дастлаб ҳаво-ҳаво ракеталари сифатида ишлаб чиқилган ASRAAM ракеталари қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари ва MBDA ишлаб чиқарувчиси муҳандислари томонидан рекорд муддатда – уч ойда ердан учириш учун мослаштирилган. Улар Буюк Британия томонидан тақдим этилган Raven тизимлари ёрдамида жойлаштирилади. Айни пайтда бешта шундай тизим Украинага йўл олди ва шу тариқа уларнинг Украина Қуролли Кучларида хизмат қилаётган умумий сонини 13 тага етказди”, деб ёзади нашр.
Стармер Украинага ёрдам бериш учун Россия маблағларидан фойдаланишни қонуний деб ҳисоблади. Бугун, 25 июнь куни Гаагадаги НАТО саммити бошланишидан олдин гапирган Стармер Россия Президенти Владимир Путин томонидан бошланган ваҳшиёна ва ноқонуний урушнинг нархини Украина эмас, Россия тўлаши кераклигини таъкидлади.
“Шунинг учун биз мусодара қилинган Россия активларидан Украинанинг ҳаво мудофаа тизимини мустаҳкамлаш учун фойдаланишни тўғри деб ҳисоблаймиз. Украина хавфсизлиги бизнинг хавфсизлигимиз учун жуда муҳим”, дея тушунтирди у.
Ўз навбатида, Буюк Британия Мудофаа вазири Жон Хили Россияни ракета ҳужумларини давом эттиришда ва тинч йўл билан тартибга солиш истаги йўқлигида айблади.
“Лондон томонидан етказиб бериладиган ракеталар ҳаётни сақлаб қолади ва Британия мудофаа саноати замонавий уруш эҳтиёжларига мослаша олишини исботлайди”, дея қўшимча қилди у.
ASRAAM ракеталарини етказиб бериш Британия тарихидаги 4,5 миллиард фунт стерлинг қийматидаги энг йирик ҳарбий ёрдам пакетининг бир қисмидир. Шунингдек, март ойида Лондон Украина учун 5000 та ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини сотиб олиш учун 1,6 миллиард фунт стерлинг ажратилишини эълон қилган.