Британия Қатарга қирувчи самолётлар жўнатмоқда
Олам
−
05 Март 2755 2 дақиқа
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер мамлакат Қатарга тўртта қирувчи самолёт юборишини маълум қилди. Унинг айтишича, бу қарор минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш ва мудофаа операцияларини кучайтириш мақсадида қабул қилинган. Айни пайтда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши зарбалари давом этмоқда. Бу ҳақда “BBC” хабар берди.
Стармер шунингдек, Британия фуқароларини Яқин Шарқдан олиб чиқиш бўйича биринчи эвакуация рейси йўлга чиққанини тасдиқлаган. Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача 4 минг нафар британиялик ватанига қайтган. Бироқ минтақада 140 мингга яқин Британия фуқароси борлиги ҳисобга олинса, бу ҳали жуда кичик улуш экани таъкидланмоқда.
Бош вазир шу билан бирга Қиролликнинг Эронга қарши илк ҳарбий зарбаларда иштирок этмаганини ҳам изоҳлаган. У АҚШ самолётларига мамлакат базаларидан фойдаланишга рухсат бермаган қарорини ҳимоя қилиб, “менинг асосий вазифам — вазмин ва хотиржам раҳбарликни таъминлаш”, дея урғулаган.
Айни пайтда минтақадаги вазият кескинлигича қолмоқда. Теҳронда бир неча кун давом этган зарбалардан кейин вайронагарчиликлар кузатилмоқда. Исроил ҳарбийлари ҳам Эрон томонидан янги ҳужумлар амалга оширилганини маълум қилган. БАА ҳукумати эса бир кунда олти ракета ва 131 та дронни йўқ қилганини, бир ракета ва олтита дрон мамлакат ҳудудига тушганини қайд этган. Шунингдек, Қатар ва Баҳрайнда портлашлар, Озарбайжон эса икки эрон дрони ҳужуми ҳақида хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қатар Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мажид ал-Ансори Эрон ҳужумлари юзасидан ўтказилган брифингда Эрон аллақочон қизил чизиқларни кесиб ўтгани ва бу ҳужумлар жавобсиз қолмаслигини айтган эди.
Live
Барчаси