Британия G7 ва ЕИ билан Россияга қарши санкцияларни келишиб олди – Трасс
Олам
−
19 Февраль 2022
5150Буюк Британия “Катта еттилик” (G7) ҳамда Европа Иттифоқи (ЕИ)даги ҳамкорлар билан Россияга қарши санкциялар ҳақида келишиб олган. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс Германиянинг “Welt am Sonntag” газетасига берган интервьюсида маълум қилган.
“Ён беришлар Россияни бостириб киришидан тўхтата олмайди. Биз кучимизни Украинани қўллаб-қувватлаб, кўрсатишимиз керак. Биз фавқулодда вазият юзага келганда қаттиқ санкциялар пакети тайёрланишини таъминлашимиз керак. Шу сабаб G7 ва ЕИдаги иттифоқчиларимиз, жумладан Германия билан бу санкцияларни аллақачон келишиб олдик”, дейди Британия ТИВ вазири.
Унинг қўшимча қилишича, Бирлашган Қироллик Украинага иқтисодий ёрдам беради, шунингдек, киберхавфсизликни таъминлайди. Шунингдек, Британия Киевга мудофаа қуроллари етказиб берган ҳамда украиналик аскарларни тайёрлашга ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, Трасс НАТОнинг барча аъзолари ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини мудофаага сарфлашлари кераклигини айтган.
“Биз НАТОдаги қўшинларимиздан ҳам фойдаланишимиз керак”, дея таъкидлаган вазир Буюк Британия Эстонияда ўз мавжудлигини кучайтираётгани, бундай чоралар эса Россияни кейинги ҳужумлардан қайтариши мумкинлигини айтиб.
Трасс яна Россия Украинага бостириб кириши мумкинлиги кириши мумкинлиги ҳақида баёнот берган.
“Биз кўраётган ҳамма нарса Россиянинг Украинага бостириб киришни режалаштираётганидан далолат беради. Биз қўшинларнинг чегарада олдинга силжишини, Донбассда сохта байроқ операцияларини, Киевга киберҳужумларни кўряпмиз. У ерда содир бўлаётган воқеалар хавотирга солмоқда ва босқинга айланиб кетиши эҳтимоли катта”, дейди Трасс.
Шунга қарамай, Британия вазири вазиятга дипломатик ечим топиш тарафдори эканлигини айтди.
“Мен дипломатия ишлашини хоҳлайман. Россия НАТО, АҚШ ва европалик ҳамкорларимиз билан жиддий музокаралар олиб боришини истайман”, дейди у.
Шу нуқтаи назардан, Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Ғарбда ҳеч ким Европада уруш бўлишини истамаслигига ишонтирган.
“Бу Украина халқи учун ҳам, Россия халқи учун ҳам ҳалокатли бўлади”, дея хулоса қилган Трасс.
Қайд этиш керакки, АҚШ ва Ғарб давлатлари сўнгги ойларда Россияни Украинага босқин тайёрлашда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтганди. Аммо ундай бўлмади.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, чегарага қўшин жойлаштирилиши фақатгина ҳарбий машғулот учун эканини таъкидлаётганди. Кремль жорий йилнинг 20 февралигача машғулот ўтказишни белгилаганди. Расмий Москва 15 февраль куни чегарадаги қўшинларини ортга қайтаришни бошлаганини эълон қилди.
Бироқ бу хабарларга шубҳа билан қараган АҚШ раҳбарияти жорий йилнинг 17 февраль куни Россия Украина билан чегарадаги ҳарбий мавжудлигини 7 минг кишига оширганини эълон қилди. Расмийлар Кремль “исталган вақтда Украинага бостириб киришни оқлаш учун ёлғон баҳонадан фойдаланиши” мумкинлиги ҳақида “далил олишда давом этмоқда”.
Айтиш жоизки, ҳозирда Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар: Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари аҳолини Россияга эвакуация қилмоқда. Россия Президенти Владимир Путин эса захирадаги аскар ҳисобланувчи барча Россия Федерацияси фуқароларини ҳарбий тайёргарликка чақирди.
LiveБарчаси