Британия баскетбол жамоаси халқаро мусобақалардан четлатилди
Спорт
−
16 Октябрь 2025 1158 2 дақиқа
Халқаро баскетбол ташкилоти FIBA томонидан Буюк Британия Баскетбол федерацияси (BBF) фаолияти тўхтатилди. Бунинг оқибатида Британия эркаклар терма жамоаси халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Манбага кўра, FIBA ва Буюк Британия ҳукумати расмийлари ўртасида олиб борилган музокаралар натижасида BBF фаолиятини тўхтатиш қарори кучга кирган. Бу эса ҳукуматнинг кейинги тўрт йил давомида баскетболга ажратилиши режалаштирилган 4,75 миллион фунт стерлинг миқдоридаги маблағ тақсимотига таъсир қилиши мумкин.
FIBA бу қарорни Британия баскетболида юзага келган бошқарув инқирози сабаб қабул қилган. Жорий йилнинг август ойида ташкилот америкалик тадбиркор Маршалл Гликман бошчилигидаги консорциумга 15 йиллик лицензия бериб, янги профессионал мусобақа Буюк Британия Баскетбол Лигасини йўлга қўйиш жараёнини текшириш учун ишчи гуруҳ тузган эди. Текширувлардан сўнг мавжуд тўққизта Суперлига клуби тендер жараёнини ноқонуний деб ҳисоблаб, BBF'га қарши суд ишини бошлаган.
“Вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқилгач, Британия Баскетбол Федерациясининг эркаклар ўртасидаги мусобақаларни лицензиялаш ва эркаклар терма жамоасининг FIBA турнирларида иштирок этиш ҳуқуқи вақтинча тўхтатилди. Бу чора бошқарувдаги тартибни тиклаш ва Буюк Британия баскетболида барқарор тизим яратишга қаратилган”, дейилади FIBA баёнотида.
Маълумот учун, жорий йилнинг 12 октябрь куни BBF раиси Крис Грант шахсий сабабларга кўра истеъфога чиққан.
Live
Барчаси