Бразилияда Болсонару тарафдорлари Президент қароргоҳига бостириб кирди (фотогалерея)
Олам
−
09 Январь 2023
4227Бразилиянинг собиқ Президенти Жаир Болсонарунинг юзлаб тарафдорлари пойтахтдаги Олий суд, вазирликлар ва Конгресс биноларига бостириб киришди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, намойишчилар Президентнинг расмий иш қароргоҳи – Планалто саройига ҳам бостириб кирган. Намойишчилар қўзғолон кўтариб, эгаллаб олинган биноларни вайрон қилган.
Полиция намойишчиларни тарқатиш учун махсус қуроллардан фойдаланган. Бразилия ҳукумати ҳарбийларни пойтахтга олиб киришга буйруқ берган.
Шу кунларда Сан-Паулу штатида иш сафарида бўлган Луис Инасиу Лула да Силванинг айтишича, намойишчилар вандализм ва фашизм ҳаракатларини содир этган. Унинг сўзларига кўра, мамлакат тарихида ҳеч қачон бундай ҳодиса бўлмаган.
“Бразилия полицияси пойтахтдаги тартибсизликларда қатнашгани учун 200 га яқин одамни ҳибсга олди”, дейилади мамлакат Адлия вазирлиги хабарида.
Ҳибсга олинганларга 12 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Бразилиядаги давлат ҳокимияти биноларига бостириб кириш режалаштирилган деб ҳисобламоқда. Президент пойтахтда ой охиригача фавқулодда ҳолат эълон қилган.
Ушбу тартибсизликлардан сўнг, Перу Президенти Дина Болуарте Лула да Силвага бирдамлик тилаган ҳамда уни қўллаб-қувватлашини айтган.
Шунингдек, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди хам Бразилиядаги тартибсизликлардан хавотирда эканини ва амалдаги ҳукуматни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.
“Демократик анъаналарни ҳамма ҳурмат қилиши керак. Биз Бразилия ҳукуматини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Моди.
LiveБарчаси