Бразилия сардори мухлислардан узр сўради
Спорт
−
06 июл 1972 2 дақиқа
Бразилия миллий терма жамоаси сардори Маркиньос Норвегияга қарши 1/8 финал баҳсидаги мағлубиятдан сўнг жамоасининг Жаҳон чемпионатидан чиқиб кетгани учун мухлислардан узр сўради. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар берди.
2026 йилги Жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичида Бразилия Норвегияга 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу тариқа, “пентакампионлар” 36 йил ичида илк бор мундиал чорак финалига чиқа олмади.
“Биз жуда кўп хатоларга йўл қўйдик ва мавжуд имкониятлардан фойдалана олмадик. Пенальти ҳам бўлди, яна бошқа вазиятлар ҳам етарлича эди. Жаҳон чемпионатида энг кам хато қилган жамоа кейинги босқичга йўл олади”, деди 32 ёшли “Пари Сен-Жермен” ҳимоячиси.
Маркиньос учрашувнинг ҳал қилувчи икки голига муаллифлик қилган норвегиялик ҳужумчи Эрлинг Ҳоланднинг ўйинига ҳам юқори баҳо берди.
Шунингдек, Бразилия сардори мағлубият учун барча масъулиятни жамоа ўз зиммасига олиши кераклигини таъкидлади.
“Энди биз масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз керак. Мен сардор сифатида, шунингдек, тажрибали футболчилар билан бирга бу масъулиятни ҳис қиламан. Келажак авлоди янада хотиржам ва ишончли муҳитда ишлаши учун биз хулоса чиқаришимиз шарт. Мен Бразилия халқи ва бизни қўллаб-қувватлаш учун келган барча мухлислардан узр сўрайман. Биз хатоларимиздан сабоқ олишимиз керак. Янги авлоднинг 2030 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриб, катта ютуқларга эришиши учун тўрт йил вақт бор”, деди Маркиньос.
Маълумот учун, Бразилия Жаҳон чемпионати тарихида энг кўп – беш марта (1958, 1962, 1970, 1994 ва 2002 йилларда) чемпион бўлган ягона терма жамоа ҳисобланади. Бироқ жамоа сўнгги чемпионлигидан бери мундиал финалигача етиб бора олмаган.
Live
Барчаси