Бразилия Президенти Трампга интернетда камроқ ўтиришни маслаҳат берди (видео)
Олам
−
27 Июнь 4880 2 дақиқа
Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва АҚШ Президенти Дональд Трампга мурожаат қилиб, уни “камроқ интернетда ўтиришга ва кўпроқ давлат раҳбари бўлишга” чақирди. Бу ҳақда у жорий йилнинг 25 июнь куни мамлакатнинг энергетика соҳасига бағишланган йиғилишида гапирди.
“Бу нотинч дунёда АҚШ каби қудратли мамлакат раҳбари ўз сўзларини ўйлаб, эътибор билан гапириши керак. У кўпроқ давлат раҳбари, камроқ интернет фойдаланувчиси бўлиши, эркин савдо, кўп томонлама ҳамкорлик ва тинчлик ҳақида кўпроқ қайғуриши лозим. Аммо биз ҳар куни матбуотда нима кўряпмиз? Бу лаънати сарлавҳаларга эҳтиёж”, дейди Лула.
Унинг айтишича, Бразилияда ҳам илгари шундай хусусиятларга эга бўлган президент бўлган.
“Унинг энг кам қизиққан нарсалари ҳақиқат ва мамлакат эҳтиёжлари эди”, дейди Президент.
Бу гаплар билан Лула, эҳтимол, собиқ президент Жаир Болсонаруни назарда тутган бўлиши мумкин. Болсонару “тропик Трамп” деган ном олган ва 2020 йилда сайловда Лулага ютқазган.
Бу Лула да Силванинг Трампга биринчи марта танқидий муносабат билдириши эмас. Жорий йил май ойида Россияга сафари чоғида у Трамп томонидан жорий этилган бож ставкаларини танқид қилиб, АҚШга қарши чиққан ва Москва билан ҳамкорликни кенгайтириш истагини билдирган.
Шунингдек, Трампнинг февраль ойидаги Ғазо сектори бўйича баёнотларини изоҳлар экан, Лула уни “АҚШни бошқариш учун сайлашган, дунёни эмас”, деб баёнот берган. Ўшанда Трамп Ғазо аҳолисини кўчириш ҳақида бир неча бор сўз юритган эди.