Бозорлардаги 130 тоннадан ортиқ озиқ-овқат савдодан олиб ташланди

Жамият

image

Сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган, яроқлилик муддати ўтган, органолептик кўрсаткичлари меъёр талабларига жавоб бермайдиган 130 574,87 килограмм озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй шароитида тайёрланган таомлар савдоси тақиқланиб, ўрнатилган тартибда браковка қилинди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хабар берди. 

Маълум қилинишича, қўмита томонидан деҳқон бозорларида санитария ҳолатини талаб даражасига келтириш, овқатдан заҳарланишни олдини олиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни ҳамда аҳолини хавфсизлиги кафолатланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қуйидаги тадбирлар амалга оширилган: 

  • республикадаги 300 та деҳқон бозорларида Ички ишлар бўлимлари, давлат солиқ инспекцияси, ветеринария хизмати ва бозор маъмурияти билан ҳамкорликда доимий назорат ўрнатилиши йўлга қўйилган;
  • ҳамкорликда ташкил этилган ўрганишлар давомида сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган, яроқлилик муддати ўтган, органолептик кўрсаткичлари меъёр талабларига жавоб бермайдиган 130 574,87 кг озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй шароитида тайёрланган таомлар савдоси тақиқланиб, ўрнатилган тартибда браковка қилинган;
  • гўшт, сут, қандолат, салат ва нон махсулотларини савдо расталаридан ташқарида, аравачаларда, махсус кийимларсиз, тиббий кўрикдан ўтмасдан, санитария қоидаларига зид равишда сотаётган 514 фуқарога маъмурий баённома тузилиб, ўрнатилган тартибда жаримага тортилган.

Билдирилишича, деҳқон бозорларида қуйидаги муаммолар мавжуд:

  • 111 та деҳқон бозорида гўшт сотиш учун, 158 та деҳқон бозорларида сут ва сут маҳсулотларини сотиш учун махсус жиҳозланган павилонлар ташкил этилмаган;
  • 27 та деҳқон бозорида ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари ташкил этилмаган;
  • 8 та деҳқон бозорларида жамоат ҳожатхоналари, 17 та деҳқон бозорида чиқиндиларни вақтинча йиғиш учун махсус чиқиндихоналар ташкил этилмаган;
  • 80 та деҳқон бозорида сув таъминоти киритилмаган, 142 та деҳқон бозорида оқова сувларни йиғиш ва зарарсизлантириш ишлари ташкил этилмаган; 
  • 77 та деҳқон бозорларида дезинфекция, дезартизация ва дезинсекция тадбирларини ўтказиш учун ваколатли ташкилотлар билан шартномалар тузилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков 28 сентябрь куни жами 182 нафар шифохоналарда даволанишда давом этаётганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

озиқ-овқат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг