Бозорларда 39 мингдан гўшт бор, аммо у мажбурлаб соттирилмоқда
Таҳлил
−
15 Июль 2019
11077Яқинда пойтахт Тошкент шаҳрида гўшт нархи 60 минг сўмга кўтарилиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди ва одамлар орасида шов-шувга сабаб бўлди. Шундан сўнг, пойтахт маъмурияти деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархлари асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида шаҳар ҳокимининг қарорига асосан “Элга хизмат” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилганини маълум қилди.
“Элга хизмат” расталарида маҳсулотлар қолганларга қараганда арзонлиги, асосийси қўй ва мол гўшти 32000-36000 сўмдан сотилаётгани айтилди.
QALAMPIR.UZ пойтахт бозорларидаги нарх-наво билан қизиқиб, қатор йирик бозорларни айланди.
Тошкентнинг “Фарҳод” деҳқон бозорини айланиб, гувоҳ бўлдикки, 1 кг мол гўштини 32 000-39 000 сўмдан, қўй гўштини 32 000 сўмдан харид қилиш мумкин. “Фарҳод” бозорида товуқ тухуми донаси 300-570 сўмдан, товуқ гўшти эса турли қисмлари 20 000 сўмдан сотиляпти.
Пойтахтнинг одамлар энг гавжум “Чорсу” бозоридаги вазият бироз бошқачароқ. “Чорсу”да мол гўштининг 1 килограмини 32 000-42 000 сўмдан сотиб олиш мумкин. “Чорсу”да гўшт ва ёғларнинг музлатгичдан ташқарида турганига ҳам кўзимиз тушди. Буни кўриб, бозорда санитария талабларига ким жавобгарлиги, қай даражада назоратга олингани ўйлантириб қўйди. Ахир, ёзнинг чилласида гўшт ва ёғлар жуда тез сифатини йўқотади.
“Чорсу ”дан кейин йўлимиз нисбатан батартиб, одам ҳам камроқ “Чилонзор” деҳқон бозорига тушди. У ерда ҳам бошқа бозорлардагидек аҳвол. Мол гўшти 32 000-39 000 сўмдан, қўй гўшти 39 000 сўмдан сотиляпти. Товуқ гўштини 16 000-17 000 сўмдан харид қилиш мумкин.
Тошкентдаги “Юнусобод”, “Тансиқбоев” деҳқон бозорларида ҳам 1 кг гўшт нархи 39 000 минг сўмдан сотиляпти.
Бироқ айланиб чиққан бозорларимизнинг биронтасида суяксиз сифати ҳамин қадар гўшт кўрмадик. Тадбиркорлар томонидан 39 000 сўмдан сотилаётган гўштларга эса 300-350 грамм келадиган суяк қўшиб бериляпти. Йирик бозорларнинг биронтасида лаҳм гўшт кўрмаганимиз учун ҳайрон бўлдик. Шундан сўнг тадбиркорлар сотаётган гўшт билан “Элга хизмат”да сотилаётган гўштнинг сифатида фарқ бор-йўқлигини билишга ҳаракат қилдик.
“Элга хизмат”даги сотувчилардан бири гўштларнинг сифати бир хиллигини фақат уларга гўшт махсус қушхоналардан олиб келиб берилишини айтди.
Тадбиркорларга нега гўштни қиммат сотяпсизлар, иккиси ҳам бир хилку деб савол бердик.
“Фарҳод” деҳқон бозоридаги тадбиркорлардан бири шундай жавоб берди:
“Аслида “Элга хизмат”да ҳам, бизда ҳам сотилаётган гўштнинг 1 кг 41 000-42 000 сўмдан сўйиляпти. Бизни 39 000 сўмдан сотасан деб, мажбурлашяпти. Шунга мажбур бўляпмиз”, деди.
Бошқалар ҳам шунга ўхшаш жавоб бериб, уларни ким мажбурлаётгани ҳақида ҳеч нима демади.
“Фарҳод” деҳқон бозорининг бозорқўми тадбиркорларнинг мажбурлаш ҳақидаги гапларига нисбатан улар 3-4 кун аввал гўшт 42 000 сўмдан сотилаётган вақтга олгани учун шундай деётганини айтди.
“Гўштни 42 000 сўмдан оляпмиз деганлар 3-4 кун аввал олган. Буйруқ икки кун аввал келди. Шунинг учун улар гўштни 39 000 сўмдан сотишга мажбур бўлди. Энди қушхоналар уларга гўштни арзон нархга беради. Шунда улар ҳам зарар кўрмайди”, деди.
“Чилонзор” деҳқон бозорида мажбурлаш ҳақида гап-сўз бўлмади. Бироқ у ердаги тадбиркорлар ҳам “Элга хизмат”га гўшт махсус жойдан олиб келинишини айтди.
Энг гавжум “Чорсу” деҳқон бозорида 32 000 сўмлик гўштни фақат бир жойдан топа олдик. “Элга хизмат” борми, тадбиркор борми мол гўштини 39 000 сўмдан сотяпти.
Бозорларни айланиб шунга амин бўлдикки, нарх-навога арашашиш давом этяпти. Тадбиркорларнинг ишига “бурун суқулиб”, нарх сунъий равишда тушириляпти. Балки одамларга яхши бўлиши учун шундай қилинаётгандир, аммо бунда бозор механизмига путур етиши мумкин. Одамларга яхши қиламан деб, бошқа муаммоларни келтириб чиқариш ҳеч гап эмас. Бозор иқтисоди қонунларига кўра, бозор ўзини-ўзи тартибга солиши керак.
Нарх-наво сунъий тарзда ушлаб турилган бозорлардан кейин тобора кенг қулоч ёзиб бораётган супермаркетлардаги аҳвол билан танишдик. Супермаркетда кўнглингиз тусаган гўштни топишингиз мумкин. Аммо уларнинг нархига қараган одамнинг кўзи чиқай дейди. Молнинг олд оёғи 48 290 сўм (290 сўм демай 300 деявер, номард, барибир 48 300 сўм тўланади-ку), сон қисми 50 290 сўм. Умуман олганда 59 000 сўмгача қийма, лаҳм, қовурға дейсизми баридан бор. Аммо уларни сотиб олишга унча-мунча одамнинг қурби етмайди. “Отанг бозор, онанг бозор” деганларидек ўзбекка супермаркет қимматлик қилишига ишонч ҳосил қилдик.
Аммо бозордаги тадбиркорларга сўзини ўтказган масъулларнинг супермаркетга келганда айтганини қилдира олмаганига қойил қолмадик. Супермаркетларни жойингни олиб қўяман деб, қўрқитишнинг иложи йўқ-да. Уларнинг кўплаб адвокатлари бор, ўз ҳуқуқини яхши билади, уларга “ғинг” деса ишни судга ошириб, масъулларнинг ўзини тавбасига таянтириши ҳеч гап эмас. Ҳайф сизга масъуллар иссиқда бир сўмини икки сўм қилиш учун тиришаётган одамларнинг савдосининг “белига тепганингиз” учун. Кучингиз етса, супермаркет нархларни ҳам 39 000 сўм қилиб қўйинглар-чи, кўрайлик кучингизни... Бу масалага ёндашувда аввалгилардан қолган анъанага амал қилмай, мантиқлироқ чора қўллаш ҳақида ўйлаб кўрилмаган бўлса ҳам керак.
LiveБарчаси