Тамаки ва алкоголь савдосига янги талаблар жорий этилади
Жамият
−
27 Июнь
8398Ҳар йили бутун дунё бўйлаб 5 триллионга яқин сигарета маҳсулотлари, 42,3 миллион гектолитр соф спирт истеъмол қилинади. Бу эса ушбу маҳсулотлар бозорининг анча кенглиги ва бутун дунё иқтисодиётига катта таъсир кўрсатишини англатади. Шу сабабдан ҳам тамаки ва алкоголь маҳсулотларини қалбакилаштириш, ноқонуний савдога чиқариш, мамлакат ҳудудига яширинча олиб кириш ҳолатлари кўп учрайди. Хусусан, ноқонуний алкоголли ичимликларнинг ҳажми умумий миқдорнинг 25,8 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистонда ҳам кунора божхона органларининг фалон қути ноқонуний тамаки ушлаб қолинди, фалонча алкоголь маҳсулотлари аниқланди, каби хабарларига кўзимиз тушади. Шу сабабли ҳам июнь ойидан бошлаб Ўзбекистонда ушбу маҳсулотларни сотиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, 30 май куни “Мажбурий рақамли маркировкалаш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда тадбиркорлар учун маркировкани ўқиш қурилмаларидан мажбурий фойдаланиш талаб этилмоқда.
“Лицензия талабларига риоя қилмаслик ҳуқуқбузарликни келтириб чиқаради. Ишлаб чиқарувчилар томонидан маркировкалардан фойдаланмаслик ҳолатлари лицензия талабларини бузганлик сифатида баҳоланади ва уларнинг лицензияларини бекор қилиш чоралари қўлланилади”, дейди Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов.
Шунингдек, баъзи тадбиркорлик субъектларига 2027 йилга қадар турли имтиёзлар берилди.
“Ушбу қарорнинг бешинчи бандида мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларни маркировкалаш учун зарур бўлган ва импорт қилинадиган ускуналар 2024 йил 1 июндан 2027 йил 1 июнга қадар божхона божидан озод этилди. Мазкур имтиёзлардан барча тадбиркорлик субъектлари мазкур муддат давомида фойдаланиши мумкин”, дейди божхона вакили.
Бундан ташқари, жорий 2024 йилнинг 3 июнь куни “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида” Президент фармони имзоланди. Ундаги ўзгаришларга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан тамаки маҳсулотларининг транзити учун қўйиладиган талаблар рўйхати янгиланди.
“Ушбу фармоннинг 9-банди билан 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали тамаки маҳсулотларининг транзити учун қуйидаги талаблар жорий этилиши белгиланди. Яъни тамаки маҳсулотлари транзит ташилаётганда товар ишлаб чиқарилган мамлакатнинг сертификати мавжуд бўлиши керак. Бундан ташқари, уни етказиб бериш шартлари шартномаси ёки битими агар товарлар бир нечта қисмга ажратилиб транзит тарзда ташлаётган тақдирда уни олиб ўтиш жадвали мавжуд бўлиши керак. Юк олиб ўтувчи томонидан тегишли божхона тўловларининг суммаси Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг депозит ҳисобварағига ўтказилади ҳамда товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетилганлиги тасдиқланганидан кейин суммалар қайтарилади”, дейди божхона ходими.
Шунингдек, қарорга кўра, истеъмол ва техник этил спирти, Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси тугатилади. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилади.
“Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш бўйича инспекциянинг ташкил этилганлиги муқаддам иккита органда тарқоқ бўлган вазифаларни ягона давлат органига бирлаштириш ва ушбу вазифани давлат назоратини самарали йўлга қўйиш асосий вазифа ҳисобланади”, дейди Очилов.
Шунингдек, департамент мутахассиси тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия талаблари бузилган тақдирда қандай жазо қўлланилишига ҳам ойдинлик киритди.
“Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиблари тўғрисида”ги 71-сонли қонуни бор. Унга кўра, алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш, алкоголь, тамаки маҳсулотларининг улгуржи савдоси, ишлаб чиқариш ёки этил спиртини ишлаб чиқариш фаолияти лицензияланадиган фаолият ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 8-сонли қарорига кўра, “Ягона лицензия талаби тўғрисида” қарор қабул қилинган. Унда ҳар бир фаолият турининг, жумладан, алкоголь ва этил спирти, тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларни улгуржи сотиш билан боғлиқ фаолият турлари лицензияланадиган фаолият турларига киритилган ва паспортлари тасдиқланган. Мана шу паспортларга биноан лицензия талаблари бузилгани учун аниқ бир жавобгарлик чоралари белгилаб берилган эди. Шуни алоҳида эътиборга олиш керакки, лицензия талабларига ўзгартиришлар киритилиши жорий ҳолатдаги ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқадиган ҳолат ҳисобланади. Яъни маркировкаланмаган ёки яширин маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолат содир этилган тақдирда ишлаб чиқарувчиларнинг ускуналарини давлат фойдасига ўтказиб юбориш билан боғлиқ жавобгарлик чоралари қўлланилади. Бундан ташқари, олдин ишлаб чиқариш ҳажми 60 фоиздан кам бўлган тақдирда аниқ бир жавобгарлик чоралари қўлланилар эди. Ҳозирги кунда эса акциз солиғининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади. Лекин ишлаб чиқаришнинг мавсумийлигини инобатга олган ҳолда бунинг режалари белгиланяпти. Улар ишлаб чиқариш қувватини яна қайта 60 фоиздан оширган тақдирда қўлланилган жаримани қайтариб бериш тартиби жорий этиляпти”, дейди Фарҳод Очилов.
Ноқонуний тамаки савдосининг кўламини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Чунки бу бутун дунёдаги учинчи энг йирик бизнес ҳисобланади. Аммо бутун дунёда сотилган ва истеъмол қилинган барча сигареталарнинг тахминан 11 фоизи ноқонунийдир, ачинарлиси эса улар ўрнатилган хавфсизлик стандартларига жавоб бермайди. Тамакининг ва алкоголь маҳсулотларининг инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши барчамизга маълум. Бунинг устига, ушбу маҳсулотлар сифат талабларига ҳам жавоб бермаса! Бу нафақат ушбу маҳсулотни истеъмол қилаётган инсон саломатлигига, балки унинг атрофидагилар учун ҳам хавф туғдириши мумкин. Шунингдек, ноқонуний маҳсулотлар савдоси маъмурий жавобгарликка ҳам сабаб бўлади.
LiveБарчаси