Босниялик мураббий ўйин вақтида вафот этди (видео)

Спорт

image

Кеча, 3 ноябрь куни Сербиянинг “Раднички 1923” жамоаси бош мураббийи, 44 ёшли босниялик мутахассис Младен Жижович миллий чемпионат доирасидаги “Младост Лучани”га қарши ўйин давомида юрак хуружидан вафот этди. Бу ҳақда “Sport Bladet” нашри хабар берди.

Сербия Суперлигасининг 14-тур “Раднички 1923” ва “Младост Лучани” учрашувининг  21-дақиқасида Младен Жижович ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва захира ўриндиғи ёнида ҳушини йўқотган. Унга дарҳол тиббий ёрдам кўрсатилган, тез ёрдам машинаси майдонга кириб келиб, мураббийни шифохонага олиб кетаётган пайтда Жижович вафот этган.

“Чуқур қайғу билан маълум қиламиз, бугун “Младост Лучани”га қарши ўйинда бош мураббийимиз Младен Жижович оламдан ўтди. У қисқа муддат ичида ҳам ўзининг билими, вазминлиги ва инсоний фазилатлари билан жамоамизда чуқур из қолдирди. Унинг профессионаллиги ва футболга бўлган эҳтироси бизнинг хотирамизда абадий сақланади”, дейилади клуб расмий баёнотида.

Жижович жорий йилнинг 23 октябрь кунидан “Раднички 1923” жамоасини бошқара бошлаган ва унинг қўл остида жамоа атиги икки учрашув ўтказишга улгурганди. Улардан бири ғалаба ва бири эса мағлубият билан якунланган.

Маълумот учун, Младен Жижович футболчи сифатида бутун фаолиятини Болқон яриморолидаги клубларда ўтказган. У ўз даврининг истеъдодли ҳужумкор ярим ҳимоячиларидан бири бўлиб, “Радник Биелина” сафида Босния лигаси ва кубогини қўлга киритган. 2008 йилда Босния ва Герсеговина терма жамоаси сафида иккита ўйин ўтказган. У 2017 йилда профессионал фаолиятини якунлаб, мураббийлик фаолиятини бошлаган. Футболчи сифатида жами 72 та гол муаллифи бўлган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 октябрь куни Аргентинанинг машҳур “Бока Хуниорс” футбол клуби бош мураббийи Мигель Анхель Руссо вафот этган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Младен Жижович “Раднички 1923” “Младост Лучани”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар