“Бошқа ташкилотлар”га ажратилган маблағлар нега махфий? Молия вазири жавоб берди
Жамият
−
18 Декабрь 2020
9801“2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бешинчи иловасида биринчи даражадаги бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратилган маблағларнинг чекланган миқдорлари тўғрисидаги жадвалнинг охирида “бошқа ташкилотлар”га деган ном остида 23,5 триллион сўм ажратилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида сенатор Абира Хусейнова мана шу “бошқа ташкилотлар” деганда қайси ташкилотлар тушунилиши ва ушбу ташкилотларнинг номлари нега очиқланмаслиги ҳақидаги савол билан Молия вазири Тимур Ишметовга юзланди.
Молия вазири саволга жавоб берар экан, ушбу маълумотларнинг очиқ эмаслиги сабабини хавфсизлик масалалари билан боғлади. Шунингдек, Ишметов маълумотларнинг фақатги парламент сўровига асосан, ёпиқ ҳолатда тақим этилиши мумкинлигини айтди.
“Ҳар қандай давлатда бўлгани каби бошқа ташкилотларда ҳарбийлашган йўналишлар бор ва ушбу маблағларни очиқчасига йўналиш ва вазирлик кесимида эълон қилиш хавфсизлик масалалари билан боғлиқ. Буни бутун халқаро стандартларда белгилангани каби уларни ошкор қилолмаймиз. Лекин, албатта парламент сўровига асосан, барча маълумотларни ёпиқ ҳолатда очиқлашимиз мумкин”, дея тушунтирди вазир.
Ялпи мажлисга раислик қилаётган Сенат раиси Танзила Норбоева Молия вазирининг маълумотларни парламентга ошкор қилиниши мумкинлиги ҳақидаги жавобига “чунки, халқ талаб қиляпти, тўғрими?”, дея қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тимур Ишметов бугун бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида Ўзбекистонда вакцина сотиб олиш ва коронавирус тадбирлари учун 3 триллион сўм ажратилишини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь