Бош вазир ўринбосари Ўзбекистонда зотилжам авж олаётганини тан олди
Жамият
−
26 Июль 2020
30196Ўзбекистонда коронавирусдан ташқари ўпка яллиғланиши – зотилжам хасталиги ҳам жуда тезлик билан авж олиб бормоқда. Биргина Тошкент шаҳрида жорий йилнинг июнь ойи бошида зотилжам хасталиги бўйича 3 та мурожаат келиб тушган бўлса, ҳозирга келиб кунига 500 дан ортиқ шундай мурожаатлар рўйхатга олинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Бекзод Мусаев “Ўзбекистон 24” телерадиоканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Иссиқ келгач, вируснинг тарқалиши камаяди деган тахминлар ҳам бор эди. Кўриб турганингиздек, иссиқ бўлишига қарамасдан касаллик тарқалиши жуда авж олмоқда. Авваллари бу вирус чет давлатдан келган, давлат чегараларидан ўтаётган фуқароларда аниқланган бўлса, афсуски, ҳозирги кунда вируснинг асосий ўчоғи аҳоли орасида бўлиб қолди. Янги ҳолатларнинг 70-80 фоизи аҳоли орасида аниқланмоқда”, дейди Мусаев.
Бош вазир ўринбосарининг қайд этишича, айни вақтда Ўзбекистонда тез ёрдам хизматига бўлган мурожаатлар сони 2,5 бараварга ошган.
Маълумки, Ўзбекистонда жорий йилнинг 10 июлидан 1 августига қадар карантин чоралари кучга кирди. Республика махсус комиссиясининг бугун, 26 июль куни қабул қилган қарори билан карантин 15 августгача узайтирилди. Мусаев бу ҳақда гапираркан, карантин чоралари кучайтирилмаганда тез тиббий ёрдамга бўлган мурожаатлар сони 2,5 баравардан ҳам ошиб кетиши мумкинлигини урғулади.
LiveБарчаси