Бош вазир ҳар 3 ойда Сенатга ҳисобот беради
Жамият
−
06 Март 2019
7916“Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига Президент ваколатларига Ҳукумат аъзоларини Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан сўнг тасдиқлашига оид ўзгартириш киритилди. Илгари, Қонунчилик палатасининг маъқуллаши талаб этилмаган.
Ушбу тартибни назарда тутувчи ўзгартиришлар “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Қонунларга ҳам киритилди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунда Ҳукумат аъзоларини маъқуллаш тартиби белгиланди.
Унга мувофиқ, номзодлар масъул қўмита, фракциялар ва депутатлар томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади.
Номзодлар Хукуматнинг ҳаракатлар дастури билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини Қонунчилик палатасига тақдим этиши лозим.
Номзод рад этилса, Бош вазир янги номзодни киритади. Шунингдек, Бош вазир Ҳукумат аъзолари билан ҳар чоракда Қонунчилик палатаси ва Сенатга Президентнинг Мурожаатномасидан келиб чиқадиган давлат дастури бажарилиши борасида ҳисобот тақдим этади.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар 2019 йил 1 апрелдан кучга киради.
LiveБарчаси