Бош прокурорнинг ўринбосарлари яна биттага кўпайди. У энергетика соҳасини назорат қилади
Жамият
−
15 Февраль 2023
8525Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган ўринбосари лавозими жорий қилинмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан шу йилнинг 13 февраль куни имзоланган “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.
Бош прокурор ўринбосари:
• Ўзэнергоинспекция зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни бажаришга амалий ёрдам кўрсатади;
• Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолиятини мувофиқлаштиради.
Қарорда Бош прокуратура икки ҳафта муддатда ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиши белгиланган.
Ўзэнергоинспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини мазкур қарор билан белгиланган устувор йўналишлар асосида янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни самарали амалга ошириш масъулияти шахсан Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Бош прокурор ўринбосари зиммасига юкланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилган эди.
LiveБарчаси