Бош прокурор ҳокимликлар ходимларининг кирдикорларини фош этди
Жамият
−
07 Ноябрь 2020
12254Бугун, 7 ноябрь куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошчилигида коррупция ҳолатлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Бош прокурор Ер ажратиш ва ундан фойдаланишда коррупция, таниш - билишчилик, ошна - оғайнигарчилик ҳолатлари мавжудлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланишича, Бухоро вилоятида қисқа муддатда ўтказилган ўрганишларда 21.493 гектар ерни ноқонуний муомалага қаратиш билан боғлиқ қонунга зид қарорлар қабул қилинган.
“Мисол учун, Жондор туман ҳокими 2020 йил 16 майдаги қарори билан ўринбосарининг яқин қариндошига 100 гектар ер майдонини чорвачилик йўналишида, гарчи етарли чорваси бўлмасада, ноқонуний ажратиб берган.
Ер ажратиш жараёнларида коррупциявий жиноятлари учун сўнгги икки йилда ҳокимликларнинг 22 нафар масъул ходими жавобгарликка тортилган”, деди Бош прокурор.
Йиғилишда маълум қилинишича, Арнасой туман ҳокимининг ўринбосари С. “Оққуш ҳалол парранда” жамияти раҳбари Ж.га 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига
13 минг доллар талаб қилиб, 2 минг доллар олганида қўлга тушган.
Бундан ташқари, ер ажратиб бериш эвазига Юнусобод туман ҳокими ўринбосари З. 5 минг, Бувайда туман ҳокими ўринбосари Д. 20 минг, Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги уй - жой ширкатлари уюшмаси раиси А. 35 минг доллар олганлиги учун қонун олдида жавоб берган.
Айрим ходимлар тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига, улардан таъмагирлик қилиб, пул ундираётганлиги ташвиш билан таъкидланди.
“Мисол учун, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги бўлими бошлиғи И. Шўрчи туман ҳокимлиги бош мутахассиси Т. орқали тадбиркор Б.дан 1 млрд. сўм имтиёзли кредит олишида ёрдам берганлиги учун 2 минг долларни талаб қилиб олган”, деди Ниғматилла Йўлдошев.
Бўш биноларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида ҳам турли қонун бузилишларга йўл қўйилмоқда.
“Мисол учун, Андижон вилоят ҳокимлиги мутахассиси Қ. муқаддам судланган А. ва М. билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар билан Шаҳрихон туман Силга қарши курашиш диспансери биносини “ноль” харид қийматида қўлга киритган.
Кейинчалик бинода ҳеч қандай тадбиркорликни йўлга қўймасдан, бинони бузиб, қурилиш материалларини 760 млн. сўмга сотиб юборган”, деди Бош прокурор.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь