Боливияда ҳарбий техника маркази портлаб кетди. Қурбонлар бор (видео)

Олам

image

Боливиянинг Вияча шаҳридаги ҳарбий техника марказида пиротехника воситалари портлаши оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди, 81 киши жароҳатланди. Яна етти киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, портлаш жорий йилнинг 30 август куни маҳаллий вақт билан соат 14:30 атрофида Ла-Пас шаҳридан 30 километр узоқликдаги, артиллерия полки жойлашган ҳарбий казармада содир бўлган.

Боливия Мудофаа вазири Эрнесто Хустиниано портлашга “пиротехник материал” сабаб бўлганини билдирган. Расмийлар эса қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан хавотирда. Шунингдек, маҳаллий соғлиқни сақлаш расмийси Рита Небраска ҳодисада 10–15 киши ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини айтган.

Портлаш оқибатида казарма яқинидаги ўнлаб уйлар зарар кўрган. Қутқарувчилар вайроналар остида одамларни қидиришни давом эттирмоқда.

Шунингдек, ҳудудда яна портлаш содир бўлиш хавфи мавжудлиги сабабли аҳоли ҳарбий база ҳудудидан камида 150 метр узоқликда бўлишга чақирилган.

Полиция вакили Рожер Роканинг айтишича, казармада мушакбозлик воситалари сақланган. Портлашнинг аниқ сабаби ҳозирча аниқланмаган.

Боливия Президенти Родриго Пас ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. У ҳодиса юзасидан “пухта, техник ва шаффоф тергов” ўтказилишини маълум қилган.

Бундан ташқари, Вияча шаҳри маъмурияти ҳодиса муносабати билан 3 кунлик мотам эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Колумбиянинг марказий қисмида жойлашган Кундинамарка департаментидаги кўмир конида портлаш содир бўлиб, олти нафар кончи ҳалок бўлган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг