Болгария Президенти истеъфога чиқишини эълон қилди

Олам

image

Болгария Президенти Румен Радев истеъфога чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда у болгар халқига қилган мурожаатида айтиб ўтди.

Радев ўз нутқида яқин кунлар ичида лавозимидан кетиш тўғрисидаги аризасини топширишини айтган. 

Унинг сўзларига кўра, мамлакат вице-президенти Илияна Йотова “муносиб давлат раҳбари” бўла олади.

“Вазият мени етти марта муваққат ҳукумат тайинлашга, ўз ваколатларим доирасида давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишга мажбур қилди. Бугун мен сизларга Болгария Президенти сифатида сўнгги бор мурожаат қилмоқдаман”, деган Радев. 

Унинг қўшимча қилишича, ҳокимиятдан кетишининг асосий сабабларидан бири – аҳолининг кўпчилик қисми ҳали ҳам камбағал яшаётганидир. 

“Савол шундаки, нега ушбу мақсадларга эришиш барқарорлик ва қониқиш ҳиссини олиб келмади? Нега Европадаги Болгарияда аҳолининг катта қисми ўзини камбағал ҳис қилади, яна каттароқ қисми эса ноаниқлик ичида яшамоқда? Мен бир неча бор айтганман: бунинг сабаби қаттиқ сиёсий моделда яширинган”, деган Президент. 

Радевнинг фикрича, бугунги кунда Болгария сиёсатининг илдизлари шикастланган. У партиялар, банклар, бизнес ва оммавий ахборот воситаларини “қўғирчоқбозлар” эгаллаб олгани, улар камералар қаршисида туриб парламентга кўрсатмалар бераётганини айтиб, кескин танқид қилган.

Қайд этиш жоиз, 2025 йилнинг декабрь ойида Болгария ҳукумати баҳсли бюджет лойиҳаси сабабли юзага келган оммавий норозиликлар фонида истеъфога чиққан эди. Президент ҳам ҳукуматни истеъфога чиқишга чақириб, мамлакат қонун устуворлигини ва давлатчиликни қайта тиклайдиган ҳақиқий ўзгаришларга муҳтож эканини билдирган.

Ўша пайтда коррупция ва кўплаб соҳалардаги муваффақиятсизликлар сабабли ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтган. 

Маълумот учун, Радев Болгария Президенти лавозимини тўққиз йил – 2017 йил январидан буён эгаллаб келаётган эди. Радев ўз фаолияти давомида Болгария Европа интеграциясини якунлагани, Шенген ҳудуди ва евроҳудудга аъзо бўлганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 10 июнь куни Болгария Президенти Румен Радев Ўзбекистонга келганди. У Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ҳам ўтказган.


Мақола муаллифи

Теглар

Болгария Румен Радев Илияна Йотова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг