Болаларни чет давлатда қолдириб келишга жавобгарлик белгиланяпти

Жамият

image

Ўзбекистонда ота ёки она ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахс ёки ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан боланинг чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирилиши қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда. Бу ҳақда кеча, 22 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида сўз борди

Депутатлар  “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди. 

Кейинги йилларда мамлакатда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилинганига қарамай, сўнгги вақтларда болаларни назоратсиз турли чет эл давлатларида қолдириб келиш каби салбий ҳолатлар вояга етмаганларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий аҳволига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддаси янги қисм билан тўлдирилиб, унда ота ёки она ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахс ёки ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан боланинг чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирилиши қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодекси болани чет эл давлати ҳудудида назоратсиз қолдириш тўғрисидаги 476-модда билан тўлдирилмоқда. Мазкур қўшимчага кўра, ота ёки она ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахс ёки ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан болани чет эл давлати ҳудудида назоратсиз қолдириш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси мувофиқ, Жиноят кодексига 122-1-модданинг киритилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 345 ва 381-2-моддаларида жиноят ишининг терговга тегишлилигига аниқлик киритилиб, суриштирув ва дастлабки тергов ишлари ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши белгиланяпти.

Депутатларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини кучайтиришга ҳамда уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишларини таъминлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Шуни алоҳида айтиш ўринлики, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда болаларни чет эл мактабларига юбориш урфга кирган. Бундай ҳолатлар қонунчиликда жавобгарликка сабаб бўладими ё йўқ, бунга аниқлик киритилмаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг