Болаларни бир ёшдан боғчага беришга рухсат берилди
Жамият
−
18 Декабрь 2019
17119Aввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Mирзиёев “Mактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонунни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Қонунга кўра, давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлайди.
Шунингдек ҳужжатда мактабгача бўлган ёш ва унинг қай тартибда тоифланиши аниқ белгилаб қўйилган.
Хусусан, мазкур қонунда мактабгача бўлган ёш ва унинг даврлари қуйидагича:
• Гўдаклик (туғилганидан бир ёшгача);
• Илк болалик (бир ёшдан уч ёшгача);
• Mактабгача бўлган кичик ёш (уч ёшдан тўрт ёшгача);
• Mактабгача бўлган ўртача ёш (тўрт ёшдан беш ёшгача);
• Mактабгача бўлган катта ёш (беш ёшдан етти ёшгача).
Бироқ қонунга мувофиқ мактабгача таълим ташкилотининг энг кичик гуруҳи бир ёшли болалар билан тўлдирилиши таъкидланган.
Унда мактабгача таълим ташкилотининг гуруҳлари ёшга доир тоифалар бўйича тўлдирилса, қуйидагича ёш тоифалари белгиланган:
• Илк ривожланиш гуруҳи (бир ёшдан уч ёшгача);
• Кичик гуруҳ (уч ёшдан тўрт ёшгача);
• Ўрта гуруҳ (тўрт ёшдан беш ёшгача);
• Катта гуруҳ (беш ёшдан олти ёшгача);
• Mактабга тайёрлов гуруҳи (олти ёшдан етти ёшгача).
Эслатиб ўтамиз, Қонун расмий эълон қилинган кундан (16 декабрь) эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
LiveБарчаси