Исроил-Фаластин урушига жим турмаган Ўзбекистон, Путиннинг СССРни тиклаш ҳаваси, сингдирилаётган рус тили – Ҳафта таҳлили
Олам
−
14 Октябрь 2023
19218Қаерда жанжал чиқса, оиладами, эр-хотину, ака-ука ё қариндошлар ўртасидами, илк зарар кўрадиган, катталарнинг қаҳри азобини чекадиган болалар бўлади. Ота-она ажрашади, ўртада бола сарсон. Қариндошлар жанжаллашиб қолса, болалар ҳам ҳатто, саломлашмай қўяди. Мен ҳозир келтирган бу мисолларни давлатларга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Давлатларнинг у ё бу манфаатлар ўртасидаги тўқнашувларида ҳам оддий одамлар, болалар қурбон бўлади. Ўтган бир ҳафтада Ғазо секторида бошланган қуролли тўвнашув орамиздан 600 дан ортиқ фаластинлик болани олиб кетди. Рақамлар соат сайин ортмоқда. Болалар ўлмаган, тинч мамлакатларда эса зўравонлик, тазйиқлар ва таҳдидлар қурбони бўлмоқда. Ўзбекистонда болаларга нисбатан жисмоний ва психологик зўравонликнинг бошқа номи бор. “Анъанавий тарбия!” Мен айтгандек анъанавий тарбия олган қадрли кузатувчилар, хўш, бугун болани қандай тарбиялаш керак? Уни баъзи-баъзида, тарбия учун калтаклаб туриш тўғрими? Фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг ва биз Ҳафта воқеалари таҳлилини бошлаймиз.
Ервопарламент депутати ўзбекистонликларнинг тақдиридан хавотирда
Европарламент депутати Виола фон Крамон Ўзбекистоннинг 35 миллиондан зиёд аҳолисини оғир экологик ҳалокат кутаётганини айтиб чиқди.
Крамоннинг фикрича, Хитой ва Россия каби автократик қўшнилари мамлакатни ўзларининг шахсий ўйин майдончаларига айлантириб олган. Мамлакатда сув ресурслари нотўғри бошқарилмоқда, шаҳарлар заҳарли чангга ботган ва мамлакат қисман чўлга айланмоқда.
“Агар бу жараёнлар тўхтатилмаса, Ўзбекистоннинг 35 миллиондан ортиқ аҳолисини экологик ҳалокат кутмоқда. Евроиттифоқнинг навбатдаги кенгайиши Ўзбекистонни Иттифоққа анча яқинлаштиради. Унинг халқи Хитой ва Россияга муқобил демократияга лойиқдир. Европа Иттифоқи Марказий Осиёга яқинроқ бўлиши керак. Шунда одамлар ҳаётини яхшилаш ва Ўзбекистоннинг ноёб экотизимини ҳимоя қилиш учун кўпроқ иш қила олади”, дейди Виола фон Крамон.
Ўзбекистондаги экологик ҳалокатга Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳам бефарқ эмас. Унинг айтишича, 2030 йилга бориб, мамлакатда қурғоқчилик эълон қилинади.
Юлдуз Усмонова сув ҳақида гапираётиб, негадир Қўштепа каналига тўхталмаган. Ҳар ҳолда “Толибон” тугаётган ҳафтада Қўштепа каналини қуришнинг иккинчи босқичига старт берди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз.
Болажон халқнинг бошида калтак синаётган болалари
2023 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистонда 1240 та вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари қайд этилган бўлиб, уларнинг 417 нафари жинсий зўравонлик қурбони бўлган. Бу фактларни Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи, Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Тошкентда ўтказилган тадбирда келтирди. Унинг айтишича, ҳақиқий рақамлар бундан бир неча бор кўп бўлиши мумкин.
Шаҳноза Мирзиёева мамлакатда оилавий зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётганини айтиб, даҳшатли рақамларни эълон қилди.
“Зўравонлик қурбони бўлган болалар одатда зўравонликка дучор бўлганликлари ҳақида хабар бермайдилар. Кўпинча улар қўрқув, уят ҳисси ёки оилага садоқат ҳисси сабаб содир бўлган ҳолат ҳақида индамайди. Айниқса, зулм қилувчи шахс болага яқин одамлардан бири бўлса”, дейди Мирзиёева.
Жаҳон миқёсида жорий маълумотлар шуни кўрсатадики, ҳар йили дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ бола жисмоний, ҳиссий ёки жинсий зўравонликка дучор бўлади. Яқинда ўтказилган Мультииндикатор кластер кузатуви (МИCС) шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган 3 нафар боладан 2 нафари, яъни 62% болалар зўравонлик билан тарбиялаш усулларини бошдан кечирган, 15-19 ёшли қизларнинг 33 фоизи эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблайди.
Мирзиёева “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилиш учун миллий даражада тезкор ва қатъий чоралар кўришга чақирди. 27 октябргача муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси жами 43 моддадан иборат бўлиб, болаларга нисбатан зўравонлик қилганларга жиноий жазо енгиллаштирилмайди ва ҳеч қандай амнистия берилмайди.
Шунингдек, қонун билан эндиликда Ўзбекистонда педофилларнинг реестри юритилади. Хўш, бу нима дегани. Бу педофилларнинг рўйхати шакллантирилади, дегани. Сиз бу ҳақда нима дейсиз? Шунчаликка бориш керакми? Изоҳларда фикрларингизни ёзиб қолдиринг.
Мирзиёев МДҲда мукофотига лойиқ кўрилди
13 октябрь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарларининг саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Фахрий кўкрак нишони билан тақдирланди. Мукофотни бериш ташаббуси жорий йилда ташкилотга раислик қилган Қирғизистон Республикаси томонидан билдирилган.
Мукофотни Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров топшираётиб, Мирзиёевнинг Марказий Осиё халқлари фаровонлиги ва барқарор ривожланиши, мустаҳкам қўшнилик ва қардошлик муносабатларининг изчил давом этаётгани, узоқ йиллар ечилмай келган муаммоларга тинч йўл билан ечим топилгани ва бунда Мирзиёевнинг беқиёс ҳиссаси борлиги ҳақида узоқ ирод қилди.
Ҳақиқатан ҳам. Мирзиёевнинг Марказий Осиёда сўнгги йилларда анъанавий тус олган мулоқот форматига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этиш мумкин. 2016 йилгача нафақат дунёдан, балки қўшниларидан ҳам яккаланиб қолган, чегараларидан қуш учса қақшайдиган Ўзбекистон бугун Марказий Осиёда ришталарни боғлаб турувчи боғичга айланди. Аммо глобаллашув ўзига яраша муаммоларни ҳам етаклаб келмаяпти, деб айтиш қийин.
Толиблар Қўштепанинг иккинчи босқичига старт берди
Масалан, Афғонистонда Қўштепа каналининг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув режими ва мувозанатини тубдан ўзгартириши мумкин. “Толибон” эса бу ҳафта канал қурилишининг иккинчи босқичига старт берди. Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида бўлиб ўтган тадбирда “Толибон”нинг юқори мартабали вакиллари қатнашган.
Унда қурилиш якунига етгач, Афғонистон ўзини ўзи ғалла билан тўлиқ таъминлай олиши айтилди.
Иккинчи босқичга старт бериш маросимида “Толибон” вакиллари минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистонни Қўштепа канали қурилишидан хавотирланмасликка чақирган. Улар минтақа давлатларининг хавотирларини дипломатик йўллар орқали ҳал қилишга тайёрлигини билдирган.
“Афғонлар ғайратли халқ бўлиб, ўз мажбуриятлари ва ваъдаларига содиқдир. Биз чегарадан ўтмаймиз ва ҳуқуқларимизни ҳимоя қиламиз", дейди “Толибон” ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сирожиддин Ҳаққоний.
Қўштепа каналининг узунлиги 280 километр, эни 100 метр бўлиб, у Балх вилоятининг Қалдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилоятидан ўтиб, Андхой Фарёб туманига етиб боради.
Амударё минтақадаги барча мавжуд сув ресурсларининг 80 фоизини ташкил қилади. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, беш-олти йил ичида канал қуриб битказилганидан сўнг, дарё бўйлаб Туркманистон ва Ўзбекистонга оқиб тушадиган сувнинг ўртача ҳажми унинг умумий қувватининг 50 фоизигача қисқаради.
Айтилишича, бу Ўзбекистонда асосий экин бўлган пахта майдонларини суғориш учун муҳим сув ресурслари етишмаслигини англатади.
Экспертлар томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб 7 млрд куб метр сув танқислиги юзага келади. Бу эса мамлакатнинг 33 та сув танқис ҳудудлар қаторига тушиб қолишига сабаб бўлади.
Ёшлар онгига рус тили расман сингдирилади
Мен сизга айтсам, яқин ўртада болаларингиз рус тилини ўқиб-ўрганишига жиддийроқ эътибор қаратаверинг. Нега дейсизми? Вазиятнинг ўзи шуни тақозо этяпти. 13 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари Президентлари саммитида 17 та қўшма ҳужжат имзоланди. Саммитда рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш бўйича келишувга эришилган.
Ҳамдўстлик Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши якунлари бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда айтилишича, МДҲ давлатлари ёшларни рус тилини ўрганиш ва ундан кенг фойдаланишга тарғиб қилади.
“Ёшларнинг рус тилини ўрганиш ва ундан фойдаланишга бўлган интилишини рағбатлантириш, уни ўрганишга бўлган эҳтиёжни қондириш учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилади”, дейилади ҳужжатда.
Маълум бўлишича, ушбу тарғибот рус тилини ўқитиш сифатини яхшилаш, шу жумладан, халқаро таълим лойиҳаларини йўлга қўйиш, рус тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш, шунингдек, тегишли танловларни ўтказиш орқали қўллаб-қувватланади.
Ҳужжатда қайд этилганидек, МДҲ аъзолари рус тилининг иқтисодий, маданий-гуманитар ва илмий соҳаларда қўлланилишини кенгайтириш тарафдори бўлиб, Ҳамдўстлик мамлакатлари кенг аҳолиси орасида унинг жозибадорлигини ошириш ва оммалаштириш учун биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширади.
Исроил ва Фаластин. Дунё кучлари қайси томонда?
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”га старт берди. Хуллас, Ғазодаги қуролли тўқнашув ҳали-бери тинадиганга ўхшамайди. Дунё кучлари эса аллақачон тарафини билдирди. АҚШ ҳар қандай шаклда Исроилнинг ёнида бўлишини айтса, Россия Фаластин ва мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида бонг урмоқда.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга бориб, бошқа давлатлар ёки террорчилар томонидан ҳужум қилинган тақдирда, АҚШ Исроилни ҳимоя қилишини айтди.
"Исроилда ва бошқа жойларда биз Президент Байден кеча эълон қилган аниқ огоҳлантиришни такрорлаймиз. Бу ҳозирги инқироздан фойдаланиш ва Исроилга ҳужум қилиш ҳақида ўйлаётган давлат ёки ҳар қандай нодавлат тузилмага қаратилган. Овора бўлманг! Қўшма Штатлар Исроилни қўллаб-қувватлайди”, дейди Блинкен.
Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг мудофаа эҳтиёжлари ортиб бораётгани сабабли, Давлат департаменти уларни қондириш учун АҚШ Конгресси билан ҳамкорлик қилмоқда. У ҲАМАСга қарши курашда Исроил миллати ва динидан қатъи назар, тинч аҳолига зарар етказишдан қочиши кераклигини урғулади.
Владимир Путиннинг вазиятдан яхши фойдаланиб, дунё Ислом оламининг эътиборини тортиб айтишича, “Фаластин муаммоси ҳар бир мусулмоннинг қалбида ва адолатсизлик сифатида қабул қилинади”.
Путинга кўра, Исроил ташкил этилганида бирданига суверен Фаластинни яратиш ҳақида гап кетган, аммо бу ҳеч қачон амалга оширилмаган.
У минтақада зўравонликнинг сабабларидан бири сифатида Исроилнинг "жойлашув сиёсати"га ишора қилди. Исроилда ҳар икки томонни “аёллар ва болаларни тинч қўйишга”, эркакларни эса “ўзаро” жанг қилишларига чек қўйишга чақирди.
“Исроилдаги можаронинг кенгайиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, жумладан, энергетика соҳасида ҳам”, дейди Путин.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг фикрича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа ташкилотлар Фаластин халқини ёлғиз қолдирди, ваъдасининг устидан чиқмади ва фаластинликларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилмади.
Эрдўғанга кўра, Ал-Ақсо масжидига ҳурмат кўрсатилмаса, Исроилга нисбатан бошланган қуролли ҳужум охиргиси бўлишига ҳеч ким кафолат бермайди.
“Минтақада доимий осойишталик ва тинчлик фақат қонунийлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларига асосланган, 1967 йилдаги чегаралари ва географик яхлитлиги, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган, бутун дунё томонидан тан олинган мустақил Фаластин давлатининг барпо этилиши билан келиши мумкин. Биз учта самовий диннинг муқаддас масканларини ўзида мужассам этган Қуддуснинг ҳаётига, Масжидул Ақсо жойлашган Ҳарам аш-Шариф мақомига ҳурмат кўрсатмайдиган ҳеч қандай қадам ёки чорани қабул қилганимиз йўқ ва қабул қилмаймиз”, дейди Эрдўған.
У ҳафта давомида қилган чиқишларида, минтақадаги террорчилик ҳаракатларида Американи айблади.
“Америка ҳозирда барча террорчи ташкилотларни тайёрламоқда, ўқитмоқда ва қуроллантирмоқда ва афсуски, хоҳ Сурия бўлсин, хоҳ Яқин Шарқ, минтақани қон кўлига айлантирмоқда”, дейди Туркия раҳбари.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро ҳам Исроилнинг ҳаракатларига жим тургани йўқ. У Исроилни Фаластин халқини оммавий қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди.
“Дунё жавоб бериши ва Ғазо сектори аҳолисига қарши геноцидга, Фаластин халқига нисбатан қотилликка йўқ дейиши керак”, дейди давлат раҳбари.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги эса Фаластин-Исроил можароси ҳудудида тинч аҳоли орасида кўплаб қурбон берилишига олиб келган ва бутун Яқин Шарқдаги вазиятни сезиларли даражада мураккаблаштирган ҳолат кескинлашганидан жиддий хавотир билдирди.
ТИВ курашаётган томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатиш ва инқирозни сиёсий ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш учун барча чораларни кўришга чақирган.
Россиянинг пинжига кираётган Қирғизистон
Қирғизистон тобора Россияга яқинлашишда давом этмоқда. Жорий йил илк хорижий ташрифини Бишкекка амалга оширган Путин қуруқ қўл билан келгани йўқ. Мезбон Садир Жапаровни “Шон-шараф” ордени билан мукофотлади ва Қирғизистонни Россиянинг асосий савдо ҳамкори деб атади.
Қирғизистон парламенти депутатлари эса тугаётган ҳафтада Россия Федерацияси билан ҳаво ҳужумидан ягона мудофаа тизимини яратиш бўйича келишувни ратификация қилди.
Ушбу ҳужжат асосида Россия ва Қирғизистоннинг ягона минтақавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими яратилмоқда. Россиянинг Кант шаҳридаги авиабазаси яқинида келишув амал қилиш муддатига Қирғизистон томони 5 гектар майдонли ер участкасини беради.
Қирғизистон ва Россия 2022 йил 16 августда биргаликда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишга қарор қилди. Қирғизистон парламенти томонидан маъқулланган ҳужжат Қирғизистон Президенти томонидан имзоланиши керак.
Эндиликда Россия ҳаво ҳужумидан ягона мудофаа тизимини фақат Қирғизистоннинг ўзи билангина яратишдан қониқмаяпти. Уни бутун МДҲ бўйлаб якдилликда амалга оширмоқчи. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путиннинг ўзи Бишкекка ташрифи давомида айтди.
Унинг сўзларига кўра, Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг барчаси уни ривожлантириш истагини билдирган.
"Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимининг яратилиши – жуда муҳим воқеа. Айниқса, бу мамлакатларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун юқори технологияли ва қиммат элементлар эканлигини ҳисобга олсак. Шунинг учун ҳамма бу таклифга рози бўлди, нафақат рози бўлишди, балки уни ривожлантириш истагини билдиришди”, дейди Путин.
АҚШга ўғринча кираётганлар орасида ўзбекистонликлар етакчи
Ўзбекистон фуқаролари сўнгги икки йил ичида АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтувчилар орасида учинчи ўринни эгаллади.
Қўшма Штатлар чегара хизматининг ушбу статистикаси Вашингтон нуқтаи назаридан АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган шубҳали мамлакатлар сифатида шакллантирилган.
Унга кўра, охирги икки йил давомида 13 624 нафар ўзбекистонлик АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган.
Америкага ноқонуний йўллар билан киришга уринаётган фуқаролари сони бўйича Туркия пешқадамлик қилмоқда. Бу йил 30 830 нафар туркиялик чегарани бузиб кирган. Ундан кейинги ўринларда эса Мавритания ва Ўзбекистон бормоқда.
Ўзбекистонлик муҳожирлар АҚШга энг машҳур йўллардан бири Мексика орқали боради. Улар “Ўзбекистон – Туркия (Испания) – Боливия – Колумбия – Мексика – АҚШ” йўналиши бўйича Қўшма Штатларга йўл олади. Хўш, шунча заҳмат чекиб, қўпол қилиб айтганда ит азобини кўриб, тимсоҳлар бор кўллардан кечиб, Америкага бориш арзийдими ўзи? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг.
Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳ темирйўлнинг шармандасини чиқарди
Шарманда! Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳ “Афросиёб” тезюрар поездининг эконом классига 10 долларга чипта харид қилиб, поездга чиққач, “проводник”га яна 15 доллар тўлаб, ўз жойини VIP'га алмаштириб олди. Камига бу воқеа ҳақида видео тасвирга олиб, ҳаммасини айтиб берди.
“Мен жойимни эконом классдан VIP классга ўзгартирдим. Бу қандай бўлди? Мен шунчаки поезд кузатувчилари (проводник) олдига бордим ва кўпроқ пул тўлашдан хурсандман, дедим. 15 доллар пул бердим ва кўриб турганингиздек овқат, кофе, электр энергияси ва супер қулайликка эга бўлдим. Чиптамни 10 долларга сотиб олган бўлсам, уни VIP классга алмаштириш учун 15 доллар тўладим, холос”, дейди у.
Вазиятга Ўзбекистондаги темирйўллар фаолияти билан шуғулланувчи “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ҳам жим қараб тургани йўқ. Унинг билдиришича, ушбу ҳодиса 2023 йилнинг 6 июль куни юз берган. 10 июлда эса поезд бошлиғи лавозимидан озод этилган. Вагон кузатувчилари стюардларга бу каби ҳодисалар қайтарилмаслиги бўйича тегишли йўриқномалар билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Ўйлаймизки, поездларда, умуман, темир йўллларда бундан буён ҳамма ҳалол ишлаяпти, электрон воситаларда кўрилганда йўқ дейилган чипталар таниш-билишлар ёки чайқовчилар орқали қимматроқ пулланмаяпти, эконом класс билетини олганлар бизнес классда пайдо бўлиб қолмаяпти. Хуллас, ҳаммаси шаффофлигига шу қадар ишонгимиз келяпти.
Учтепада фожиа. Икки киши қурбон бўлди.
Тугаётган ҳафтанинг 11 октябрь куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани "Бешқайрағоч" кўчасида оқова (чиқинди) сувлари учун мўлжалланган чуқурлик қазиш вақтида ўпирилиш содир бўлиб, 3 нафар ишчи тупроқ остида қолиб кетди. Улардан икки нафари воқеа жойида жон берди. Тирик қолган 1 нафар ходим эса шифохонага ётқизилди.
Шу куннинг ўзида туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланди. Кейинроқ ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 258-моддалари (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аёл собиқ эри томонидан ўласи қилиб дўппосланди
Тошкент вилоятида аёл собиқ эри томонидан аёвсиз калтакланди. Эркак аёлни хонага қамаб, овози қўшниларга эшитилмаслиги учун телевизор ва радионинг овозини баландлатган ҳолда калтаклаган. Оғир оқибатларга олиб келувчи зарбалардан хушини йўқотган аёлни дугонасининг қўнғироғи қутқариб қолган.
Кейинчалик эркак кимдир уйга келиб қолишидан чўчиган ҳолда аёлни шифохонага олиб бориб, “агар кимгадир чурқ этсанг сени ҳам отанг каби ўлдириб юбораман”, дея қўрқитган. Шундан сўнг, аёл тиббий текширувлардан ҳам ёлғиз ўзи ўтган.
Маълумотларга кўра, улар 2017 йилда оила қурган ва доимий жанжаллар туфайли 2019 йилда қонуний ажрашган. Аёл бир нафар фарзанди билан уйсиз қолган ва ҳуқуқшуносларнинг маслаҳати билан яна собиқ эрининг уйига қайтиб борган.
Ҳолат бўйича Зангиота тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.
Фарзандларини зўрлаган ўзбекистонлик ота умрбодга қамалди
Шимолий Қозоғистон вилоятида ўз фарзандларини зўрлаган Ўзбекистон фуқароси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Маълум қилинишича, маст ҳолда вояга етмаган қизига нисбатан жинсий зўравонлик қилиш жиноятини содир этган Ўзбекистон фуқаросининг суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтган.
Судланувчининг айби жабрланувчилар, уларнинг қонуний вакили, гувоҳнинг кўрсатмалари, эксперт хулосалари билан аниқланган. Айблов хулосаларига кўра, эркак икки нафар фарзанди – қизи ва ўғлига нисбатан уч йил давомида бир неча марта жинсий зўравонлик қилгани тасдиқланган. Бироқ судланувчи ва унинг адвокати қўйилган айбловларни рад этиб, оқлашни сўраган.
Суд содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, ишнинг ҳолатлари, айбдорнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда, энг оғир жазони тайинлаш зарур деган хулосага келган. Жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди ҳукмига кўра, ушбу шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Такси ҳайдовчисини ким ёқиб юборгани маълум бўлди
Ўтган ҳафта Тошкент вилояти Янгийўл туманида такси ҳайдовчиси ўлдирилиб, машинасида ёқиб юборилганди. Тугаётган ҳафтада эса ҳайдовчини қасддан ўлдиришда гумонланаётган шахс ушланди.
У Жиноят кодексининг 97 ва 267-моддалари билан гумонланувчи тариқасида қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу қотилликка ўртадаги қарз сабаб бўлгани аниқланган. Тергов ишлари эса давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси