Қирғизистонда ҳам педофилия учун умрбод қамоқ жорий этилиши мумкин
Олам
−
10:38 571 1 дақиқа
Қирғизистонда болалар ва аёлларга нисбатан содир этилган ўта оғир жиноятлар учун жазони кучайтириш таклиф қилинди. Кеча, 19 февраль Президент маъмурияти Жиноят кодексига ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Бу ҳақда “Sputnik Қирғизистон” хабар берди.
Лойиҳага кўра, педофилия, зўрлаш ҳамда мазкур жиноятлар билан боғлиқ ҳолда аёллар ва болаларни ўлдириш ҳолатлари учун умрбод қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра, бундай жиноят содир этган шахслар мол-мулки мусодара қилинган ҳолда умрбод озодликдан маҳрум этилади. Ушбу жазо муқобилсиз бўлиши, яъни унинг ўрнига бошқа енгилроқ жазо қўлланилмаслиги таъкидланмоқда.
Бир муддат аввал расмийлар ушбу жиноятлар учун ўлим жазосини қайта жорий этишни таклиф қилган эди. Бироқ, Конституциявий суд ўлим жазосини тиклаш мумкин эмаслиги ҳақида қарор чиқарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев педофилия учун умрбод қамоқ жазосини маъқуллаганди.
Live
Барчаси