Болалар орасида тиланчилик мажбурий меҳнатми? Сўз жаноб Ҳусановга
Жамият
−
25 Март 2021
5119Мажбурий меҳнат. Янги Ўзбекистонда энг кўп эшитилаётган янги сўз. Бу гаплардан баъзан қулоқларимиз оғрияпти. Боиси, айрим жойларда мажбурий меҳнат парда ортида ҳамон давом этмоқда. Кунда кўзимиз тушаётган мажбурий меҳнатнинг турларини эса пайқамаяпмиз, сезмаяпмиз, олдини олмаяпмиз. Хўш, биз уларга қачон дуч келяпмиз? Албатта, чорраҳаларда! Ҳар биримизнинг кўча-кўйда, чорраҳалар, ресторан ва дўконлардан чиқишда, масжид остонасида тиланчилик қилаётган болаларга кўзимиз тушган. Суриштирувларимиз натижаси шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолатларда тиланчилик қилаётган болалар бунга мажбурланади. Отаси, онаси, бувиси ёки уларни боқиб олган васийлар томонидан. Хўш, бу мажбурий меҳнат эмасми? Нега биз жамиятда катта бир иллатга айланиб бораётган ушбу ҳолатга кўз юмяпмиз, уни пайқамаяпмиз?
Aслида, ўз фарзандини шу каби ишга мажбурлаётган ота-оналарга нисбатан қандай чоралар кўрилиши керак? QALAMPIR.UZ ушбу савол билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси йиғилишида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга юзланди.
Рўзимурод Бердиев, мухбир: — Одамлар гавжум жойларда мактаб ёшидаги болаларнинг тиланчилик қилаётганига кўзимиз тушяпти. Нима деб ўйлайсиз, бу ҳам мажбурий меҳнатнинг бир тури эмасми?
Нозим Ҳусанов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири: — Бу ҳам албатта, қайсидир маънода мажбурий меҳнатга киради. Ёшларнинг неча ёшдан ишлаши мумкинлиги амалдаги меҳнат кодексида белгилаб қўйилган. Тўғри айтдингиз, ўзимиз ҳам кўчаларда бундай болаларга кўп бор дуч келамиз. Бу эса очиқчасига қонун бузиш ҳолати ҳисобланади.
Р.Б.: — Ўз фарзандини мана шундай "меҳнат"га жалб қилаётган ота-оналарга қонун доирасида қандай чора кўрилади?
Н.М.: — Вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кузатилса, бундай шахсларнинг қилган ишлари тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Олдинги йилларда эса ушбу ҳолатларда фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилар эди. Шунинг учун биз фуқароларимизни ушбу ўзгаришлардан бохабар қилиб, уларнинг ҳуқуқий билимларини оширишимиз керак. Вояга етмаган шахсларнинг ишлаш ҳолатларига тегишли махсус чеклов ва талаблар бор. Яъни, белгиланган соатларда, шунингдек соғлиғига таъсир этмайдиган ҳолатлардагина ишлашига рухсат берилади. Сиз айтган вазиятларда эса қонун очиқдан- очиқ бузиляпти.
Рўзимурод Бердиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь