Тошкентда жамланаётган бокс юлдузлари

Спорт

Туркия Президенти билан кўришган ўзбекистонлик футболчи, профбоксдаги 2-мағлубиятини қабул қилган Ғойибназаров, ўзбек футболини шарманда қилган Олмалиқ клуби, дунё бокси юлдузларини ўзига чорлаётган Тошкент ва Жаҳон чемпиони бўлган бодибилдинг усталари дастуримизнинг асосий мавзулари бўлади. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да ҳафта спорти дайжести

5 ноябрь кунида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ризо вилоятига ташрифи чоғида “Ризеспор” клубини қабул қилиб, жамоа раҳбарияти ва футболчилари билан суҳбат қурди. Учрашув чоғида Президент “Ризеспор” клубида тўп тепадиган ўзбекистонлик футболчи Ҳусниддин Алиқулов ҳам Туркия Президенти билан кўришди. Учрашув давомида “кўк-яшиллар” жамоаси президенти Иброҳим Тургут Президент Эрдўғанга “Ризеспор” либоси ва қуш ҳайкалини совға қилди. 24 ёшли Алиқулов шу йилнинг сентябрь ойидан буён Туркия клуби сафида тўп тепиб келмоқда. У жорий мавсум мамлакат чемпионатининг 10 та ўйинида майдонга тушди. Алиқуловнинг “Ризеспор” билан шартномаси 2026 йилга қадар мўлжалланган. “Transfermarkt”га кўра, ҳимоячининг қиймати 1,20 миллион еврони ташкил этади.

6 ноябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида профессионал бокс оқшоми ўтказилди. Марказий жангда рингга чиққан Ўзбекистон вакили Фазлиддин Ғойибназаров мағлубиятга учради.

Биринчи ўрта вазнда 10 раундлик жангда Ғойибназаров россиялик собиқ жаҳон чемпиони Ражаб Бўтаевга қаршилик кўрсатди. 4-раундга келиб ўзбекистонлик спортчи жангни давом эттира олмади ва техник нокаут эвазига мезбон боксчининг қўли баланд келди. Минимал вазнда Ҳасанбой Дўсматов жанубий африкалик Сифамандла Баленини мағлуб этиб, профбоксдаги 6-ғалабасига эришди. Ярим ўрта вазнда икки ўзбекистонлик ўзаро тўқнаш келди. Ботир Аҳмедов 3-раундда Муҳаммадсалим Сотволдиевнинг олган жароҳати туфайли баҳсни давом эттира олмагани ҳисобига ғалабага эришди. Шунингдек, профбокс кечаси доирасида ўзбекистонлик Тимур Никулин иштирокида медиа жанг ҳам бўлиб ўтди. Баҳсда Никулин россиялик рақиби Ибрагим Исломовнинг 3-раундда жангдан бош тортгани сабабли ғолиб бўлди.

6 ноябрь куни футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) гуруҳ босқичининг 4-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Тур доирасида Ўзбекистоннинг 3 та жамоаси – “Насаф”“, Навбаҳор”  ҳамда ОКМК клублари майдонга тушди.

Қаршининг “Насаф” жамоаси ўз уйларида БААнинг “Шаржа” клубини қабул қилган бўлса, Наманганнинг “Навбаҳор” клуби меҳмонда Эрон жамоасига қарши баҳс олиб борди. Теҳрон шаҳрида ўтказилган “Нассажи Мозандарон” - “Навбаҳор” учрашувида умумий 4 та гол урилди. Ўйин якунида эса голларнинг 3 тасига муаллифлик қилган Самвел Бабаян шогирдлари эронликлар устидан ғалаба қозонди. Шунингдек, куннинг иккинчи муҳим учрашувида ўз майдонида “Шаржа”ни қабул қилган “Насаф” 1:1 кўринишидаги дуранг натижа билан қаноатланди. 

Бирмунча асабий ўтган ўйиннинг 16-дақиқада Марега Эрон жамоасининг биринчи ҳужумини голга айлантириб, ҳисобни очди. Бу натижа биринчи бўлимда ўзгаришсиз қолди. Қаршиликлар иккинчи бўлимнинг 81-дақиқасига келибгина ҳисобни тенглаштиришди. Абдураҳматовнинг заргарона узатмасини Лима Крус голга айлантирди. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ББА клуби дарвозабони ва Алибек Давронов майдондан четлатилди, бироқ 10 киши бўлиб қолган икки жамоа ҳам бу имкониятдан унумли фойдалана олмади. Олмалиқнинг ОКМК клуби эса сафарда Эроннинг “Сепахон” жамоаси билан баҳс олиб бориб, йирик 9:0 ҳисобида имкониятни бой берди.

Эрон клуби вакилларидан Муҳаммад Жавод Ҳусайнзода ва Исса Алекасир дубль қайд этган бўлса, Фаршад Аҳмадзода, Ризо Асади, Муҳаммад Горбани, Рамин Ризоян ва Шаҳриёр Моганлу биттадан гол уришга муваффақ бўлди. Ўйиннинг 65 дақиқасида “кончилар” вакили Акромжон Комилов ҳакам томонидан ўйиндан четлатилди. Комиловнинг қизил карточкасидан сўнг, тушкунликка тушиб қолган меҳмонлар қаторасига 5 та гол ўтказиб юборди. Шундай қилиб, ОКМК “C” гуруҳида 4-ўринни эгаллайдиган бўлди. Охирги 2 турдаги ғалаба ҳам Миржалол Қосимов шогирдларини гуруҳдан чиқишига етарли бўлмайди. 7 ноябрь куни  Тошкентнинг “Пахтакор” клуби сафарда Туркманистоннинг “Аҳал” жамоаси билан баҳс олиб бориб, 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этди. “Ашхобод” стадионида бўлиб ўтган ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи таймнинг 68-дақиқасида Одил Ҳамробеков кераксиз вақтда рақибга нисбатан жуда қўпол ўйнаб, қизил карточка олди ва “Пахтакор”ни қийин вазиятда қолдирди. 81-дақиқада эса мезбон жамоа вакили Алибек Абдураҳмонов 10 киши бўлиб қолган “шерлар” дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди. Ўзбекистон жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Ҳожимат Эркинов 90+5-дақиқада мувозанатни тиклади. Шу тариқа “Пахтакор” нақд бўлиб турган мағлубиятдан қутилиб қолди ва дуранг натижа билан қаноатланди. “Пахтакор” 4 очко билан гуруҳда 2-ўринда бормоқда. “Аҳал”да ҳам 4 очко мавжуд. Охирги 2 та турда “шерлар” гуруҳ пешқадами амирликларининг “Аль-Айн” ва Саудиянинг “Аль-Фейҳа” жамоалари куч синашади. “Аҳал” билан дурангдан сўнг Тошкент клуби гуруҳдан чиқиш масаласини оғир кўриниш олиб келди. Энди Максим Шацких шогирдлари ўзлари жуда ноқулай бўлган рақиблар билан баҳсда ғалаба қозонишлари керак бўлади. Эътиборлиси “Пахтакор” гуруҳдаги дастлабки ўйинларда бўлажак рақиблари “Ал-Айн” ва “Ал-Фейҳа”га имкониятни бой берди.

Бутунжаҳон бокс конфедерацияси (WBC) раҳбари мексикалик Маурисио Сулейман илк бор 12-17 ноябрь кунлари Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган WBC'нинг йиллик 61-конвенцияси муносабати билан Ўзбекистонга келди
Маурисио Сулейманни Тошкент халқаро аэропортида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, мамлакат профессионал бокс федерацияси мутасаддилари кутиб олди.

“Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC)нинг йиллик конвенцияси илк бор Марказий Осиё минтақасида ташкил этилмоқда.  Дарвоқе, бу йил WBC ташкил топганига роппа-роса 60 йил бўлди. Ташкилотнинг юбилей тадбири ҳам айнан юртимизда ўтказилади”, дейилади Ўзбекистон порессионал бокс федерацияси хабарида..

Таъкидлаш жоиз, юбилей тадбири доирасида бокс юлдузлари ҳам Ўзбекистонда меҳмон бўлади. Ундан ташқари 17 ноябрь куни “Ҳумо арена”да ўзбекистонлик профессионал боксчилар иштирокида жанглар ташкил этилади. WBC'нинг йиллик 61-конвенцияси муносабати билан Тошкентга Тайсон, Фьюри, Майк Тайсон, Эвандер Холифилд, Василий Ломаченко, Амирхон, Константин Цзю, Насим Ҳамид, Хулио Сезар Чавес ва бошқа бир қатор жаҳон бокси юлдузлари келиши тасдиқланди.

Ўзбекистон футбол федерациясининг (ҳозирги ЎФА – таҳр.) собиқ президенти Эльмар Аминов 91 ёшида вафот этди. Эльмар Аминов 1932 йилнинг 23 январь куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. У Санкт-Петербург жисмоний тарбия институтини тамомлаган. Аминов талабалик даврида шайбали хоккей билан профессионал тарзда шуғулланиб, спортнинг шу тури бўйича спорт устаси бўлган. 1956 йилда “Пахтакор“ футбол клуби бошлиғи ва бир вақтнинг ўзида Футбол федерацияси президенти этиб тайинланган. Эльмар Аминов шунингдек, 27 йил давомида Жисмоний тарбия ва спорт қўмитасини, кейин эса Ўзбекистон Туризм кенгашини бошқарган. 

“Таниқли спорт ва жамоат арбоби, ўзбек футболи ривожига улкан ҳисса қўшган инсон Эльмар Аминовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинлари ва оила-аъзоларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирамиз”, деб ёзади Ўзбекистон футбол  ассоциация матбуот хизмати.

Жанубий Кореянинг Вонжу шаҳрида 14-бодибилдинг ва фитнесс бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Дунё биринчилигида иштирок этган 3 нафар Ўзбекистон вакили олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

Дунёнинг элликка яқин давлатидан 650 нафардан ортиқ спортчилар қатнашган мусобақанинг -85 кг вазнида Иброҳим Латипов, атлет-физик йўналишида эса Шохрухмирзо Эргашев ғолибликни қўлга киритди. Ўзбекистонлик спортчиларнинг устози Бахшулла Сайфуллаев эса Жаҳон чемпионатида бодибилдинг устаси йўналишида 1-ўринни эгаллади. Бунгача Сайфуллаев сентябрь ойида Непалнинг Катманду шаҳрида ўтказилган 55-Осиё чемпионатида 25 дан ортиқ давлат қатнашган мусобақада бодибилдинг устаси йўналишида 15 та рақиб ичида олтин медаль соҳиби бўлганди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси томонидан Яшнобод туманида қурилаётган Олимпия шаҳарчасига пресс-тур ташкил этилди. Хабарингиз бор, 2025 йилда Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида Осиё ва Пара Осиё ўйинлари ўтказилади. Ўзбекистоннинг барча етакчи ОАВи қаторида QALAMPIR.UZ жамоаси ҳам бевосита қурилиш ишлари билан танишди. Пресс-турда бевосита Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Паралимпия қўмтиаси раҳбари Мухторхон Тошхўжаев, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Равшан Эрматов ва бошқа бир қатор раҳбарлар иштирок этди.

Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов барча журналистларни қурилиш объектлари билан таништирди. Мазкур лойиҳа қиймати умумий 289 миллион долларга тенг. Умумий 100 гектар майдонни эгаллайдиган шаҳарча 3 та қисмга ажратилган. Англиянинг «Аруп» муҳандислик компанияси томонидан тайёрланган лойиҳага кўра, қурилиш ҳудудида 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншооти, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, ва жамоавий спорт мажмуалари барпо этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

спорт Бокс Фазлиддин Ғойибназаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг