Боғчами ёки жазолаш лагери: аёвсиз калтакланаётган болалар
Таҳлил
−
27 Февраль
7165Ижтимоий тармоқларда муҳокама учун мавзу ҳар доим топилади – кулдирадигани ҳам, йиғлатадигани ҳам. Бироқ бу сафаргиси одамларни ҳавотирга солиб қўйди, айниқса, фарзанди боғчага борадиган ота-оналарни. Гап шундаки, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Танзиландия” номли хусусий боғча тарбиячилари болаларга ўта қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео тарқалди. Cиздирилган хабарларда ота-оналардан бири фарзандининг ўйинчоғига овозни ёзиб олувчи мосламасини ўрнатиб, болани боғчага юборгани айтилган. Саккиз соатлик аудио ёзувда боғча тарбиячилари нохуш сўзлар билан гаплашиб, болаларни бир неча бор калтаклагани эшитилгани айтилган. Шунингдек, тарбиячилар болаларни спорт зали, кийиниш хоналари ва фаоллар залида калтаклагани, аммо ота-оналар учун видео кузатув мавжуд бўлган хоналарда тинч ва хушмуомала муносабатда. бўлгани айтилган. Бу шундоқ ҳам сўнгги пайтларда фарзандини хусусий боғчага беришга иккиланиб қолган ота-оналар кўнглидаги “хавотир ўтига ёғ сепгандек” бўлди. Мақолада бугунги давлат ва нодавлат боғчаларидаги эътибордан четда қолаётган, аммо шу билан бирга, муҳим ҳолатлар ҳақида сўз боради.
“Уриб тинчлантириш” мумкинми?
Боғча тарбияланувчиларининг “бешафқат қўллар”га тушиб қолганига кўп бора гувоҳ бўламиз. Улар шундай қўлларки, кичкина жуссани аямасдан калтаклайди, бола “дод” деса ҳам судраб кетади, стулга “скотч”лаб қўяди. Улар шундай қўлларки, тинчлантириш учун уради! Даҳшатлиси, бу “қўллар” боғчалардаги “меҳрибон” тарбиячилар ва уларнинг ёрдамчиларига тегишли.
Масалан, Сергелидаги “Солнишко” номли боғчанинг тарбиячи ёрдамчиси Ю.М. “тинчлантириш мақсадида” тарбияланувчи С.А.нинг юзларига уриб, қўлидан тортганича ётоқхонага судраб олиб киргани оқибатида боланинг чап оёғи синган. Тасаввур қиляпсизми, ота-она фарзандини ишониб топширган маскан аслида, бола учун энг хавфлиси бўлиб чиқди. Афсуски, бу ягона ҳолат эмас, Нукус шаҳрида жойлашган боғча тарбиячиси Р.Ш. ва ёрдамчи тарбиячи Д.С.лар болаларни шиппак билан урган. Юнусободдаги “First Daycare” боғчаси тарбиячи С.А. ва тарбиячи ёрдамчиси Х.М. Болани овқат емагани учун стулга “скотч”лаган. Бу боғчаларни бирлаштирувчи умумий жиҳат нималигини биласизми? Бу – уларнинг хусусий мактабгача таълим ташкилоти экани. Шулар билан рўйхат тугаб қолмади, санайман десангиз, охирига етиш қийин.
Таъкидлаш жоизки, болаларга қўл кўтариш, зўравонлик қилиш мумкин эмас ва уларнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги қонуни ҳамда БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция“сида мустаҳкамлаб қўйилган.
Имкониятдан нотўғри фойдаланаётганлар
Мамлакат миқёсида тадбиркорлар учун қулай бизнес шароитини яратиш мақсадида уларнинг фаолиятига ўзбошимчалик билан аралашишга йўл қўйилмайди. Таассуфки, тадбиркорлар бундан нотўғри фойдаланаётган ҳолатлар учрамоқда. Бир тасаввур қилиб кўринг, давлат ташкилотлари текшира олмаса, ота-оналар киритилмаса, камига боланинг қўл-оёғи синса?! Бу худди болалар боғчаси эмас, “жазолаш лагерлари”га ўхшаб қолмаяптими? Устига-устак, ҳа деганда, ўрнатилган кузатув камералари ҳам “ишламаётган бўлса!”. СЭС назоратида бўлмаган боғчаларда болаларнинг соғлиғи ҳам савол остида қолади. Гигиена ва тозалик эса кимларнингдир виждонига ҳавола қилиб қўйиладиган мавзу эмас.
Қолаверса, юқорида саналганларнинг деярли бари хусусий боғчаларнинг ҳам энг номдорларидан. Ўйлаб қоласан киши, агар ТОПлари шундай бўлса, қолганлари-чи?!
Хусусий боғчалар ҳақида сўз борар экан, айтиш жоизки, давлат боғчалари ҳам мақтагулик ҳолатда эмас. Балки, улар талабга жавоб берадиган даражада бўлганида, ота-оналар тайин-бетайин хусусий боғчаларга фарзандини топширишга мажбур бўлмасди, аслида. Ўрин етишмаслиги, йиллаб навбат кутишлар, эски бино ва методикалар давлат боғчаларидаги энг асосий муаммолардан.
LiveБарчаси