Боғчадаги “оқ” ва “қора” воқеасига вазирлик нима дейди?
Жамият
−
31 Июль 2023
11056Бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда ИИО ходимларининг боғча болаларига тарбиявий соат ўтиб, уларга “оқ” ва “қора”ни танитишга урингани акс этган видеолавҳа тарқалган эди. Бу кенг жамоатчиликнинг, ҳатто Президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидига учради. Хўш, мактабгача таълим муассасасидаги бу ҳолат бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги нима дейди?
Бугун, 31 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида вазирлик масъуллари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ мазкур саволга жавоб олди.
“Аслида ёз ойи бўлгани учун мактабгача таълим ташкилотларида ёзги соғломлаштириш даври давом этяпти. 6 ёшли мактабга тайёрлов гуруҳларимиздаги болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, ҳарбийлар билан учрашиш, уларни она ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида махсус дастурларимиз бор. Уларнинг бу шаклда тадбир қилишидан мақсадл йўл ҳаракати қоидаларини кўргазмали тарзда, видеороликлар билан ўтиш бўлган. Лекин боғчада бу нотўғри шаклда кечган”, деди Мактабгача таълим агентлигининг биринчи ўринбосари Фаррух Бобоев.
Унинг қўшимча қилишича, бу хато учун мактабгача таълим муассасининг мутасаддиларига интизомий чора кўрилган.
“Бу вазиятда учрашув тўғри ташкил этилмаган. Ҳар битта боғчаларимизда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишга мўлжалланган марказларимиз мавжуд. Ушбу учрашув айнан ўша марказда эмас, гуруҳда ташкил этилгани учун тегишли мутасаддиларга бу бўйича интизомий чоралар қўлланилди”, деди Бобоев.