Боғчада 2 ёшли бола каравотга осилиб, вафот этди (видео)
Олам
−
21 Май 31469 1 дақиқа
Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида жойлашган хусусий болалар боғчаларидан бирида 2 ёшли бола каравотга осилиб қолиб, вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу воқеа жорий йилнинг 19 май куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 13:05 да содир бўлган. Расмийларга кўра, болалар боғчасида тарбиячи сифатида ишлаган 29 ёшли аёл ўз вазифасини лоқайдлик билан бажарган. Бола кундузги уйқу вақтида назоратсиз қолдирилган ва шу пайтда 2-қаватдаги каравотдан сирғаниб кетиб, бўйнидан панжарага илиниб қолган ва бола воқеа жойида ҳалок бўлган.
Лоқайдликка йўл қўйган ходим 2023 йилнинг май ойидан бошлаб мазкур боғчада норасмий тарбиячи сифатида 120 кун ишлаган. 2024 йил 1 сентябрдан эса расмий равишда тарбиячи лавозимига тайинланган. 2025 йил апрель ойидан у 3 ёшгача бўлган болалар гуруҳи билан ишлай бошлаган.
Вазирликка кўра, ушбу аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳридаги 6-мактабгача таълим муассасасида 3 ёшли боланинг бел қисмига қайноқ сув тўкилиб кетганди.
Live
Барчаси