Сой сойга оқар... Ортиқхўжаевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги урғуланди
Жамият
−
27 Ноябрь 2019
10089Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга қарата айтган таҳдидли гаплари ёзилган аудио бўйича текширув ишларини якунлаб, бугун, 27 ноябрь куни баёнот берди.
Бош прокуратура бундан 10 кун аввал республикани жумбушга келтирган ушбу воқеанинг энг ачинарли жиҳатини қуйидагича урғулайди.
“Мазкур ҳолат оммавий ахборот воситалари, блогерлар, сиёсий партиялар, энг ачинарлиси, айрим хорижий экспертлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг кескин танқидий муҳокамаларига сабаб бўлди”.
Бош прокуратура томонидан мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ЖПКнинг 329-моддасига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.
Баёнотда Бош прокуратура журналист қонунга хилоф тарзда ҳокимнинг овозини хуфиёна ёзиб олганини айтади. Жаноб Ортиқхўжаевнинг эса ҳаракатларида эса жиноят аломатларини пайқамайди. Баёнотнинг бу қисмида шундай дейилади:
“Терговолди текширувида аниқланишича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи мансабдор шахси бўла туриб, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмасдан, ҳақоратли ва қўпол сўзларни ишлатган.
Бироқ, унинг ножўя сўзлари умумий тарзда айтилгани, муайян шахсга қаратилмаганлиги, реал таҳдид йўқлиги боис, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас.
Шу сабабли ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди”.