БМТ “Толибон”ни зўравонлик сиёсатини тўхтатишга чақирди
Олам
−
16 Июнь 2022
5558Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Афғонистон муваққат ҳукуматини аёлларга мунтазам тазйиқ ўтказиш сиёсатини тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 15 июнь куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғилишида сўз очган.
“Афғонистон халқи ҳозирда энг қоронғу дамлардан бирини бошдан кечирмоқда. Кўп йиллик можаролар ва ўтган август ойида “Толибон” томонидан босиб олинганидан сўнг, мамлакат чуқур иқтисодий, ижтимоий, гуманитар ва инсон ҳуқуқлари инқирозига дуч келди”, дейди Бачелет.
Шунингдек, у аёлларнинг фақат зарурат бўлган ҳолдагина юзларини ёпиб ташқарига чиқишлари мумкинлиги, акс ҳолда уларнинг эркак қариндошлари жазога тортилиши белгиланган қарорни қоралаган.
“Толибон” аввалроқ афғон ўрта мактабида ўқиётган қизларни мактабларга қайтаришни кечиктиришга қарор қилган эди. Бу, Бачелетнинг айтишича, 1,1 миллион қизнинг ҳуқуқларига таъсир қилган.
“Келинг, буни ҳолис баҳолайлик: бугун биз Афғонистонда аёлларга нисбатан институционал, тизимли равишда зулм қилинаётганини кўряпмиз”, дейди Олий комиссар.
Бундан ташқари, Бачелет жорий йилнинг март ойида Афғонистонга бориб, амалдаги ҳокимият вакиллари, шунингдек гендер тенглигига эришиш учун ҳаракат қилаётган жасур ва фаол афғон аёллари, жумладан, шифокорлар, журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари аъзолари билан учрашганини эслаган.
“Ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган бу аёлларнинг жасорати мени ҳайратда қолдирди”, дейди у.
Экспертга кўра, Афғонистонда аёллар ва ҳуқуқ фаоллари ўлдирилмоқда, қамоққа олинмоқда, матбуот эркинлиги чекланмоқда.
Аксарият афғонлар тиббий хизматдан етарлича фойдаланиш имкониятига эга эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, қарийб 18,1 миллион киши тиббий ёрдамга муҳтож, шундан 3 миллиондан ортиғи беш ёшгача бўлган болалар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь