БМТ Шинжондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ вазиятни ўрганади

Олам

image

Хитой ҳукумати БМТнинг Шинжондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ вазиятни ўрганиш бўйича қўйган талабига розилик билдирди. Пекин – 2022 қишки олимпия ўйинлари ўтганидан сўнг, БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Мишель Бачелет Хитойдаги уйғур озчилиги яшайдиган Шинжонга ташриф буюради. Бу ҳақда “South China Morning Post” газетаси номи ошкор этилмаган манбаларга таяниб хабар бермоқда. 

Ташрифнинг аниқ вақти ҳали номаълумлиги ҳолда, уни 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга ошириш режалаштирилмоқда. 

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Хитой ҳукуматини мамлакат ғарбида жойлашган Шинжондаги уйғурлар ва ирқий озчиликларнинг ҳуқуқларини поймол қилишда айблаб келмоқда. 

Ташкилотга кўра, Пекин ушбу ирқий озчиликларни оммавий тарзда қамаш, қийноққа солиш ва мажбурий меҳнатга ундаш билан шуғулланиб келган. 

АҚШ ҳукумати ва норасмий Британия Трибунал суди Хитойни Шинжондаги уйғурлар геноцидида айбдор деб топган. 

Расмий Пекин эса ўзига қўйилаётган барча айбловларни инкор қилиб, ўз хатти-ҳаракатларини “терроризм ва экстремизмга қарши кураш” дея атаган. 

БМТ вакили Мишель Бачелет 2018 йил сентябрь ойидан бери Шинжондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун Хитой ҳукумати билан расмий ташриф борасида музокаралар олиб боради. 

Унинг талабларига Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ва Хитойнинг Нью-Йоркдаги БМТ бўйича вакили анча пайтгача розилик бермай келган. 

“South China Morning Post” газетасига маълумот берган аноним манбанинг билдиришича, ташкилот  вакилларининг ташрифидан мақсад текширув ўтказиш эмас. Ташрифи дўстона руҳда ўтади. Учрашув жорий йил 4-20 февраль куни ўтказиладиган Пекин олимпия ўйинларидан кейин бўлиб ўтиши кутилмоқда. Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Франция Парламенти Хитой ҳукуматини уйғурлар геноцидида айблаб, муҳим ҳужжатни қаъбул қилган эди.



Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг