БМТ Олий комиссари Грузияни “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонундан кечишга чақирди
Олам
−
03 Май
3045Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Турк Грузияни пойтахт Тбилисида кўплаб норозиликларга сабаб бўлган мунозарали "хорижий агентлар" ҳақидаги қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олишга чақирди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
Турк Грузия ҳукуматини хориждан молия олган ташкилотларга қаратилган ушбу қонундан зарар кўриши мумкин бўлган фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилишга чақирган.
“Мен шу ҳафтада Грузия пойтахти Тбилисида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан намойишчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан асоссиз ва номутаносиб равишда куч қўллагани ҳақидаги хабарлардан хавотирдаман”, дейди у.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Тбилиси полицияси 1 май куни Грузия тарихидаги энг йирик норозилик намойишларидан бирини тарқатиб юбориш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.
Маълумот учун, Грузияда 15 апрелдан бери ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқа бошлаганидан сўнг норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишнинг дастлабки уч куни кенг кўламли бўлиб ўтди, кейин эса деярли ҳар куни ёшлар томонидан ташкил этилган тинч юришлар бўлди. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 30 апрель куни намойишлар чоғида олти нафар полиция ходими яраланган, 63 киши ҳибсга олинган.
Апрель ойи бошида “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси қонун лойиҳасини парламентга қайта киритиш ҳақидаги қарорини эълон қилди. Бу худди шундай ташаббус оммавий норозиликларга сабаб бўлгани ва ҳокимиятни қонун лойиҳасидан воз кечишга мажбур қилганидан бир йил ўтиб, содир бўлди. Унинг матни ўтган йилгидек қолмоқда. Фақатгина “хорижий таъсир агенти” атамаси ўрнига "хорижий кучнинг манфаатларини кўзлайдиган ташкилот" тушунчаси ишлатилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Тбилисидаги элчихонаси “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши намойишчиларни қўллаб-қувватлашини билдирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь