БМТ Мирзиёев таклиф қилган резолюцияни қабул қилди
Олам
−
16 Декабрь 2022
1100514 декабрь куни БМТ Бош ассамблеяси “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни бир овоздан маъқуллади.
Ушбу резолюцияни қабул қилиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди.
Резолюцияда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаган ҳолда кенг кўламли, барқарор ва изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлашда парламентларнинг муҳим ўрни қайд этилади.
Бош ассамблея давлатларни парламентларни қўллаб-қувватлашга, уларни БРМга эришиш бўйича келгуси фаолият ва уларнинг эришилишини кузатиш жараёнларига, айниқса, ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, шунингдек, миллий масъулият ва ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш учун уларга ёрдам беришга чақиради.
Хотин-қизларнинг қонун чиқарувчи органлар ишида ва парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокига кўмаклашиш орқали БРМга эришишни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг марказий омили сифатида гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
2030 йилга қадар бўлган даврдаги кун тартибининг муваффақиятли амалга оширилишида ёшларнинг ўрни ва ҳиссаси муҳимлиги, ёшларнинг парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокини таъминлаш зарурлиги эътироф этилган.
Дунёнинг барча қитъаларидаги 80 та давлат, шу жумладан Марказий Осиё мамлакатлари, Австрия, Бангладеш, Баҳрайн, Бельгия, Германия, Жазоир, Испания, Индонезия, Италия, Колумбия, Корея Республикаси, Малайзия, Миср, Нидерландия, Норвегия, Покистон, Португалия, Россия, Сингапур, Финляндия, Франция, ХХР, Швеция, Япония, Қатар ва бошқалар ҳужжатнинг ҳаммуаллифлари бўлди.
БМТ тузилмалари ва бошқа халқаро ташкилотлар резолюцияни олқишладилар. Резолюция парламентлар учун ўзига хос дастуриламал бўлиши, БРМни жадал амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларини фаоллаштириши қайд этилмоқда.
Парламентлараро иттифоқ ушбу ҳужжатни 2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясининг Олий даражадаги ҳафтаси доирасида бўлиб ўтадиган БРМ саммитига тайёргарлик йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.
LiveБарчаси