БМТ қўрқоқми? Нега у урушларни тўхтата олмаяпти?
Жамият
−
23 Ноябрь
1475Сўнгги пайтларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номига кўплаб танқидлар ёғилмоқда. Ҳукумат раҳбарлари мазкур ташкилотни қўрқоқликда, иккиюзламачиликда ва қатъиятсизликда айбламоқдалар. Масалан, яқинда Ар-Риёдда бўлиб ўтган араб-ислом саммитида ҳам Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған кабилар ташкилотни етарли даражада ишламаётганини айтиб, уни жасоратга чақирганди. Хўш, БМТ ҳақиқатдан ҳам қўрқоқми? Нега у танқидларга жим қараб турибди? QALAMPIR.UZ бу саволга жавобни БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл Хонимдан сўради. Сабине Махл – БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори. У мазкур лавозимда жорий йилнинг 1 июнидан иш бошлаган. Тайинловга қадар у 2019 йилдан бери БМТнинг Грузиядаги доимий вакили эди. Жумладан, 22 йилдан ортиқ вақт давомида халқаро ташкилотларда, Индонезия, Фаластин ва Қирғизистонда БМТ Аёллар ваколатхонаси раҳбари, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи вазифасида ишлаган. 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашган.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 193 давлатдан иборат. Бу глобал тизим, менинг назаримда, халқаро меъёрлар ва стандартларни белгилашда бу ташкилотнинг аҳамияти жуда катта. Шунингдек, бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми асосида ишлайди, тўғрими? 1945 йилда имзоланган БМТ Низоми бу глобал жамият сифатида ўзаро ҳамкорлик қилишимиз кераклигини англатади. Танқидлар доимо бўлади, лекин менимча, халқаро меъёрлар ва давлатлар қандай ҳамкорлик қилиши кераклигини эслатиб туриш муҳим. Бугун биз гиёҳванд моддалар ва уюшган жиноятчилик ҳақида гапиряпмиз. Ҳеч бир давлат бу муаммони ёлғиз ўзи ҳал қилолмайди. Бизнингча, бир-бирига қаттиқ боғланиб қолган давлатларнинг ўзаро муносабатда бўлиши учун қоидалар керак. Шунинг учун мен БМТ ҳамма учун муҳим ташкилот деб биламан”.
Аммо бугунгача БМТ дунёдаги шафқатсиз урушларни, масалан, Россия – Украина, Исроил – Фаластин ўртасидаги можароларни ва баъзан Эроннинг ҳужумларини тўхтата олмаяпти. Бу бўйича эса одатда дунё давлатлари раҳбарлари очиқчасига эътироз билдиради. Хўш, ўзи умуман БМТ урушларни тўхтата оладими? Агар ҳа бўлса, қандай қилиб?
“Тўғри айтасиз, бу кўп сўраладиган масалалардан биридир. Биз бутун дунё давлатларидан ташкил топганмиз ва бу масалалар БМТга аъзолар томонидан амалга оширилади. Урушларни тўхтатишни давлатлар ҳал қилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса халқаро хулқ-атворимизни, халқаро стандартларимизни эслатишда ёрдам беради, тўғрими? Бошқа давлатларга бостириб кирмаслик, давлатларнинг суверенитетини ҳурмат қилиш каби қоидалар мавжуд, инсон ҳуқуқлари мавжуд, бизнинг Низом инсон ҳуқуқларининг тўлиқ рўйхатини ўз ичига олади. Бизнинг Бош котибимиз ҳам доимий равишда буни талаб қилиб келади. У Низомнинг барча принциплари ҳурмат қилиниши кераклигини кўп таъкидлайди. Бу ташкилотнинг ташкил этилишига асос бўлган нарса. Шундай қилиб, ташкилот давлатлардан ташқарида эмас, балки давлатлар томонидан ташкил этилгандир”, деди у.
Шу пайтга қадар Россия-Украина урушида қайси томонда эканини аниқ айтмай, фақат тинчлик тарафдори эканинигина очиқлай олган Ўзбекистон бир неча муҳим, йирик давраларда Исроил-Фаластин уруши ҳақида тўхталиб, Фаластин манфаатларини очиқча ҳимоя қилиб келади. Хўш, БМТ бугунги урушлар даврида Ўзбекистоннинг позицияси ҳақида нима дейди? БМТнинг Ўзбекистондаги вакили мамлакатнинг бундай икки хил стандартдаги сиёсати ҳақида тўхталмади, бироқ давлатнинг урушлар давридаги сиёсати ҳақида ижобий фикрлар билдирди.
“Менимча, бу ерда Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиё ҳақида яхши фикрлар бор. Чунки бугунги кунда уларнинг бошқа давлатлар билан кўпроқ ҳамкорлиги мавжуд. Менимча, Президент Мирзиёев барча қўшниларга қўл узатган ва кўпроқ турли соҳаларда ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Сиз айтгандек, дунёнинг бошқа жойларида, афсуски, кўплаб урушлар, мураккаб вазиятлар бор. Шунинг учун, менимча, бугун Марказий Осиёда яхши ҳолат мавжуд, чунки у ерда чиндан ҳам дўстлик муҳити ҳукмрон”, деди Сабине Махл.
LiveБарчаси