Фозилхўжа Орифхўжаев 7,5 йилга қамалди
3-саҳифа
−
26 Январь 2022
45873Бугун, 26 январь куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида судланувчи Фозилхўжа Орифхўжаевга (1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси З. Нуриддинов раислигида кўриб чиқилди.
Фозилхўжа Орифхўжаев жорий йилнинг 26 июнь куни Олмазор туманида жойлашган “Тўхтабой” жоме масжидида жанжал кўтариб, жамоат тартибини ва фуқаролар тинчлигини бузганидан сўнг қамоққа олинганди.
Суд Фозилхўжа Орифхўжаевни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (“Майда безорилик”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Текширув давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига Орифхўжаев ўзининг мобил телефонида шубҳали диний мазмундаги материаллар сақлагани ва у бошқа шахсларга кўрсатгани ҳақида маълумот олган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертларининг хулосасига кўра, Facebook ижтимоий тармоғининг “Фозилкҳужа Арифхўжаев” фойдаланувчиси профилидаги айрим нашрлар диний фундаментализм ғояларини тарғиб қилувчи деб топилган.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра Фозилхўжа Орифхўжаев Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мазкур ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчи томонидан эса унга ҳукмнинг нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришлари ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.
LiveБарчаси