Блинкен ва Нетаньяхунинг қўшма баёноти Эрон танқидига учради
Олам
−
31 Январь 2023
9182Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канани бугун, 31 январь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяхунинг Ислом Республикасининг ядровий дастури хавфи ҳақидаги баёнотларини танқид қилди.
“Мамлакати дунёда биринчи бўлиб атом бомбасини қўллаган АҚШ Давлат котиби ва даҳшатли ядровий арсеналга эга бўлган сохта сионистик режим Бош вазири биргаликда Ядровий дастур (Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома) иштирокчиси бўлган ва ушбу келишувга содиқ бўлган Эроннинг ядровий дастури хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда. Кулгили, лекин ҳақиқат. Жиноятчилар ва халқаро хавфсизлик байроқдорлари!” деган Канани ўзининг Тwitter саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 январь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга келган эди. У Қуддусда Нетаньяху билан учрашганидан сўнг, Исроил ва АҚШ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик учун унга қарши биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришини билдирган.
Маълумот учун, 2015 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия Эрон ядровий ривожланиши бўйича инқирозни енгиш учун Эрон билан Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартномани имзолаган эди. АҚШнинг аввалги президенти Доналд Трамп эса 2018 йилда ушбу келишувдан чиқишга қарор қилганди. Американинг амалдаги раҳбари Жо Байден бир неча бор Вашингтонни ядровий келишувга қайтаришга тайёрлигини билдирган.
2021 йилнинг апрелида эса Буюк Британия, Франсия, Германия, Россия, Хитой ва АҚШ Венада Эрон билан Шартномани асл кўринишида тиклаш бўйича музокаралар бошлаганди. Бироқ 2022 йил 10 ноябрь куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаел Гросси Австрия пойтахтида Эрон вакиллари билан музокаралар ҳеч қандай натижа бермай якунланганини айтди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси