Блинкен Россияда жосусликда айбланиб, ҳибсда сақланаётган америкалик билан гаплашди

Олам

image

Кеча, 16 август куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россияда жосусликда айбланган Америка фуқароси Пол Уилан билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбага таяниб, CNN телеканали хабар берди.

Блинкен Уиланга ишончни сақлашни ва АҚШ уни имкон қадар тезроқ уйига қайтариш учун ҳамма нарсани қилишини айтган. Манбага кўра, бу уларнинг иккинчи тўғридан-тўғри суҳбати. Бироқ мулоқот тафсилотлари очиқланмаган.

Аспен институтининг йиллик хавфсизлик форумида сўзлаган Блинкен АҚШ Россия билан келишмовчиликларга қарамай, маҳбусларни алмашиш бўйича иш олиб бораётганини айтган. Ўз навбатида, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Москва ва Вашингтон ўртасида маҳбуслар алмашинуви канали сақланиб қолганини, бу йўналишда алоқалар давом этаётганини таъкидлаган.

Маълумот учун, АҚШнинг собиқ денгиз пиёдаси бўлган Уилан 2018 йилда ҳибсга олинган, 18 ой давомида Москвадаги Лефортово қамоқхонасида сақланган ва 2020 йилда жосусликда айбланиб, 16 йилга қамалган. У айбловларни рад этган. Қўшма Штатлар ҳам Уиланни "ноҳақ ҳибсга олинган" деб белгилади, бу атама айбловлар сохта, иш эса сиёсийлигини кўрсатади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 март куни Екатеринбургда “The Wall Street Journal” газетаси мухбири Эван Гершкович жосусликда гумон қилиниб, ФХХ томонидан ҳибсга олинган эди. 2 апрель куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон суҳбатида Эван Гершкович ва Пол Уиланни озод қилишни сўраганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия жосуслик Блинкен Пол Уилан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг