Блинкен Исроилда намойишчилар билан учрашди
Олам
−
01 Май
8737Исроилга ташриф билан борган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ғазода гаровга олинганларни тезроқ озод қилишни талаб қилган бир гуруҳ намойишчилар билан суҳбатлашди. У намойишчиларни Вашингтон ўғирлаб кетилган одамларни уйларига қайтариш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишига ишонтирди. Бу ҳақда “The Jerusalem Post” хабар берди.
Қайд этилишича, Тель-Авивдаги Давлат котиби истиқомат қилаётган меҳмонхона биноси ёнида Фаластин анклавидаги гаровга олинганларни қўллаб-қувватлаш бўйича митинг бўлиб ўтган. Меҳмонхонага яқинлашар экан, Блинкен Исроил ва Америка байроқларини ушлаб турган бир гуруҳ намойишчилар ёнида тўхтаган ва улар билан қисқача гаплашиб, айримларнинг қўлини сиқиб қўйган.
“Яқинларингизни уйга олиб келиш биз қилаётган ҳар бир ишнинг асосидир ва биз ҳамма – ҳар бир эркак, ҳар бир аёл, ҳарбий, фуқаро, ёш ва қари – уйга келмагунча тинчланмаймиз”, деган Блинкен.
У ҲАМАСга ҳозирда гаровга олинганлар бўйича "жуда кучли таклиф" берилганига ишонтирди.
"ҲАМАС “ҳа” дейиши ва буни тугатиши керак", дейди Давлат котиби.
Блинкен меҳмонхонадан Қуддусга йўл олди ва у ерда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан яккама-якка учрашув бошлади. Суҳбат ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда.
Нетаньяху идорасининг хабар беришича, яккама-якка суҳбатдан сўнг Исроил ва Американинг юқори мартабали амалдорлари иштирокида кенгайтирилган учрашув режалаштирилган. Кенгайтирилган йиғилишда Исроил Стратегик режалаштириш вазири Рон Дермер, Исроил мудофаа кучлари Бош штаби бошлиғи Герзи Ҳалеви ва бошқа бир қатор юқори мартабали амалдорлар иштирок этади.
Блинкен кеча, 30 апрель оқшомида Яқин Шарққа сафари доирасида Исроилга етиб борди. Бунгача у Иордания ва Саудия Арабистонида ҳам бўлди. АҚШ Давлат котибининг минтақадаги алоқалари, биринчи навбатда, Фаластин-Исроил можаросининг кескинлашуви ва Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларни озод қилиш ва у ерда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга эришишга уринишлари билан боғлиқ.
LiveБарчаси