Бизга Исроилники каби хавфсизлик кафолатлари керак – Зеленский
Олам
−
18 Февраль 2025 3921 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатига Исроилга берилаётган хавфсизлик кафолатларига ўхшаш ҳимоя механизмлари зарур эканини таъкидлади. Бу ҳақда у кеча, 17 февраль куни NBC телеканалида намойиш этилган интервьюсида сўз очди.
У бу борада ўтган йили Эрон томонидан Исроилга уюштирилган ракета ҳужумини мисол қилиб келтирган. Ўшанда АҚШ, Франция, Буюк Британия ва бошқа давлатлар, ҳатто Иордания ҳам ўз ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари билан Исроилни ҳимоя қилишга киришган эди.
“Бизга нима керак? Биз аниқ қандай ишлашини билмаймиз, лекин Эрон Исроилга ҳужум қилганида АҚШ, Франция, Буюк Британия ва бошқа иттифоқчилар – ҳатто Иордания ҳам ўз ҳаво мудофаа тизимлари билан Исроил халқини ҳимоя қилишга киришди. Исроил НАТО аъзоси эмас, аммо шунга қарамай бу давлатлар унинг ёнида турди. Улар эронликларнинг ракеталарини йўқ қилишди. Бу, албатта, яхши ҳолат”, деди Зеленский.
Президентга кўра, бу мисол Исроил АҚШ, Франция, Буюк Британия ва бошқа иттифоқчиларнинг хавфсизлик кафолатларига эга эканини кўрсатади.
“Менимча, Украинага ҳам худди шундай кафолатлар зарур ва бу имкон қадар тезроқ амалга ошиши керак”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Зеленский NBC телеканалига берган интервьюсида агар АҚШ Украинага ёрдам беришдан воз кечса, мамлакатнинг омон қолиш имконияти жуда паст бўлишини айтган эди. Украина раҳбарининг сўзларига кўра, ҳар қандай оғир вазиятда ҳам имконият мавжуд. Шу билан бирга, бундай ёрдам бўлмаса, Украинага “жуда, жуда, жуда қийин” бўлади.