Биз канализацияга исроф қилган сувлар қандай қайта ишланишини биласизми?
Олам
−
25 Май 2019
13283Сиз кунига қанча сув истеъмол қиласиз? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Истеъмол қилганингиз-ку майли, қанча сувни исроф қиласиз?
Кунлик тиш тозалаш чоғида сувни ўчирмаслигимиз сабаб ойига ўртача 600 литр сувни исроф этамиз. Соқол олиш баҳонасида ўчирилмаган жўмракдан оқиб, исроф бўлган сув эса ойига 380 литрни ташкил этади. 5 дақиқалик душ қабул қилиш 50 литр сувни талаб қилса, ваннани сувга тўлдириш учун 200 литр сув сарфланади. Охиригача ёпилмаган ёки носоз жўмракдан бир дақиқа ичида томган 30 томчи билан бир йил давомида 27 марта ваннани тўлдириш мумкин. Кўряпсизми, биз қанча сувни беҳуда сарфлаяпмиз?
Хўш, бу сувлар қаердан келади, қандай келади, исроф бўлган, боринг ана канализация қувурига кетган сувлар қандай йўл билан тозаланади? Бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз? Ўйламаган бўлсангиз, Германиянинг 163 йиллик тарихга эга Berliner Wasserbetriebe сувни қайта ишлаш заводига биз билан саёҳат қилинг.
Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқининг кўмаги остида амалга оширалаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида Германияга сафар давомида QALAMPIR.UZ мухбири Berliner Wasserbetriebe сувни қайта ишлаш заводида бўлди.
Берлин ажойиб табиати ва озодалиги билан эътироф этиладиган шаҳар. Бу ерда қувурлардан олиниб, қайта ишланаётган сувлар табиатга қайтарилади.
Berliner Wasserbetriebe сувни қайта ишлаш заводи раҳбари Арни Кучмирнинг таъкидлашича, авваллари дарё ва кўл сувлари қайта ишланиб, тозаланган ва истеъмол учун етказиб берилган. Ҳозирда эса аҳоли томонидан чиқитга чиқарилган сувлар замонавий технологиялар асосида канализациялардан олиниб, қайта ишланади.
Берлинда марказий сув таъминотининг қурилиши 1852 йилда бошланган. Бу борада шаҳар Европанинг бошқа шаҳарларидан ортда қолган. Ўша вақтларда шаҳарда 5600 та фаввора бўлган ва аҳоли шу фавворалардаги сувларни имтеъмол қилган. Фавворадаги сувдан паразитлар, турли микроблар ва вабо касаллиги тарқаётгани пайқалмаган.
1852 йилда буюк британиялик ишбилармонлар Чарлз Фокс ва Томас Рассел Крамптон Берлин шаҳрини сувни билан таъминлаш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун рухсат олдилар. Иш Берлинда санитария корхонасини ишга туширишдан бошланди. Улар Берлин ҳукумати билан 25 йиллик шартнома туздилар.
1853 йилга келиб, Берлиндаги илк сув хўжалиги станциясига тамал тоши қўйилди ва 1856 йилда сувни қайта ишлаш бўйича илк операцияларга старт берилди. Бир йил ўтиб янги сув таъминоти тизимига 314 та уй қўшилди. 1859 йилга келиб уларнинг сони 141 тага кўпайди ва ўша йили компания илк даромадини топди.
Санитария муаммоси сув таъминоти билан ҳал этилмади. 1866 йилда шаҳарда холер эпидемияси пайдо бўлди. Шундан сўнг, Рудольф Вирхов раислигида канализация тизимини ишлаб чиқиш бўйича комиссия тузилди. Канализация қуриш ишлари эса 1873 йилда бошланди. Берлин 25 йиллик шартнома муддатини узайтирди.
4 йил ичида шаҳарда 80 кмлик илк канализация тизими қуриб битказилди. 1909 йилда 12 та қуйи тизимнинг сўнгги қисми ишга туширилди. Канализация 1029 км узунликда 31 000 участкага уланди.
1920 йилда катта Берлиннинг ташкил этилиши ортидан 1924 йилда Берлин шаҳар сув заводи AG ишга туширилди. 1937 йилда у хусусий компанияга айлантирилди. 1945 йилда шаҳар суви станцияларини шаҳарнинг бошқа сув компаниялари билан бирлашиши натижасида Berliner Wasserbetriebe ташкил топган.
Бугунги кунга келиб ушбу заводда йилига 350 миллион кубометр сув олинади. Берлинда истеъмол қилинадиган сув миқдори эса 550 минг кубометрни ташкил этади.
Завод мутахассисларининг алоҳида қайд этишларича, Берлинда немис технологиялари асосида қайта ишланаётган сувларни қайнатмасдан ҳам истеъмол қилиш мумкинлигига кафолат бор. Шу боис аҳоли жўмракдаги сувни қўрқмай истеъмол қилаверади.
Берлиндаги Berliner Wasserbetriebe сувни қайта ишлаш заводига яқинлашганингиз сари думоғингизга канализациянинг бадбой ҳиди келиб урилади. Бу ерда оқова сувлар қайта ишланади. Жараён бир неча қисмларга бўлинади. Сув бир неча бор чиқиндилардан тозаланади. Кейин фильтрга олинади. Тоза ҳолга келтирилган сув дарёларга ташланади.
Медиа-тур иштирокчилари биринчи жараён амалга ошириладиган махсус хонада бўлдик. У ердан шу қадар бадбой ҳид анқирдики, икки сония ҳам бу хонада қолиб бўлмасди. Лекин заводдагилар бунга ўрганиб кетган. Одамларга сувни қайта ишлаб етказиб бериш, табиат неъматини асраб-авайлашни инсоний бурчи деб билади.
Заводда бир кеча-кундузда 247 000 кубометр сув қайта ишланади.
Германия канализациялардаги чиқитга чиқарилган сувларни асраб қолишнинг чораларини аллақачон кўрган. Бунинг натижасида мамлакатда канализациядаги сувнинг бор-йўғи 5 фоизи исроф бўлади. Марказий Осиёда бу кўрсаткич даҳшатли даражада. Бунга эса қувурларнинг талабга жавоб бермаслиги сабаб. Хусусан, мутахассисларнинг қайд этишларича, қувурнинг эскиргани ва стандартларга жавоб бермаслиги сабаб 50 фоиз сув исроф бўлади.
Берлиннинг чеккароғида ер ости сувларини тозалаш станцияси бор. Berliner Wasserbetriebe заводи раҳбари Арни Кучмир ўзбекистонлик журналистларни ўша ерга бошлаб борди. Бу завод аввалгисидан бироз фарқ қилади. Унда канализация ҳиди анқиб, кўнглингиз буҳузур бўлмайди. Бу ерда қайта ишланаётган сув ҳақиқатан ҳам дўконлардаги сувлардан тозалиги ва инсон саломатлигига зарари йўқлигини исботлаш учун, ҳали жараёндан тўлиқ чиқмаган сувни Кучмир кўз ўнгимизда ичиб кўрсатди.
Янги завод 100 йиллик тарихга эга бўлган эски сувни қайта ишлаш заводининг ёнгинасида қурилган.
Катта омборни эслатадиган ва 100 йиллик тарихга эга бўлган сувни қайта ишлаш заводи бугунги кунга келиб музейга айлантирилди. Заводга келганлар унинг эски биноси ва шароити билан ҳам танишишлари мумкин. Бу ерда ўша вақтда сувни қайта ишлашда фойдаланилган қумлар сақлаб қолинган.
Германия экологияга ҳурмат, хусусан сувни асраб авайлаш борасида ўрнак мамлакат саналади. Май ойи охирида Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ташриф буюрмоқда. Ташриф доирасида Президентлар Оролбўйи ҳудуди масаласида музокаралар ўтказиши режалаштирилмоқда. Ушбу урчашувда Германиянинг сувни қайта ишлаш борасидаги тажрибаларини Ўзбекистонда амалга ошириш борасида келишув қилинса, ажаб эмас.
LiveБарчаси