“Биз бошлаган ислоҳотларимизни якунлаймиз” – Тўқаев
Олам
−
26 Ноябрь 2022
3714Навбатдан ташқари сайловларда ғолиб бўлган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 26 ноябрь куни мамлакат халқига қасамёд қабул қилди ва давлат раҳбари лавозимига расман киришди. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.
Тўқаев ўзининг инаугурацион нутқида президентни қайта сайланиш ҳуқуқисиз етти йиллик муддатга сайлашга ўтишни сиёсатчиларнинг янги авлоди пайдо бўлиши сари қадам деб атади.
“Биз бошлаган ислоҳотларимизни, албатта, якунлаймиз. Янги конституциявий нормаларга кўра, президент бир муддатга етти йилга сайланади. Бу сиёсатчиларнинг янги авлоди учун ҳокимиятга йўл очади. Ишончим комилки, бу тўғри қарор”, дейди Президент Тўқаев.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, жорий йил Қозоғистон халқи учун айниқса муҳим бўлди.
“Қозоғистон ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Биз ташаббус қилган кенг кўламли ўзгаришлар туб ўзгаришларга замин яратди. Конституциявий ислоҳот амалга оширилди. Жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳар томонлама янгиланди”, деди у.
Аввалроқ Қосим-Жомарт Тўқаев декабрда Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида хабар берилган эди.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси