Биз – бирмиз, ўзбeкистонликмиз!
Жамият
−
18 Октябрь
3801Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказий майдонида “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Қадриятларга таянган тараққиёт!” шиори остида навбатдаги оммавий тадбири бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга кўрсатилган номзодлар иштирокида ўтказилган тадбирда асосий эътибор 27 октябрда бўлиб ўтадиган сайлов олдидан партия тарафдорларини бир мақсад йўлида бирлаштириш, партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури ҳамда номзодлар билан таништиришга қаратилди.
Оммавий тадбирда партия раиси сўзга чиқиб, “Миллий тикланиш” демократик партияси миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро сайлов мезони ва стандартларига мувофиқ очиқлик, ошкоралик, эркин ва адолат принципларига мос равишда ўтказиладиган сайлов майдонига сайловчи ишончи, сайловчи ва халқимиз манфаатларининг ифодаси сифатида кираётганини, бугун сайловчиларга қуруқ ваъдалар эмас, аниқ ва лўнда таклиф ва ташаббуслар, эртамизга хизмат қиладиган ғоялар кераклигини, бугун сайловчига юзаки баҳслар, тортишувлар эмас, чин юракдан, Ватан, миллат манфаати йўлида айтиладиган оддий ва содда гаплар кераклигини таъкидлади.
“Миллий тикланиш” демократик партияси навбатдаги оммавий тадбирини ўтказиш учун бежиз Бухоро танланмаганини, бу замин жаҳон ҳамжамияти ривожига, илм-фанига, маданиятига қўшган ҳиссаси, унинг тарихи ниҳоятда бой ва улуғворлигини у билан танишган ҳар қандай инсон ҳис этиши табиий. Бунинг биргина исботини Бухоро шаҳрининг тарихий қисми UNESCO рўйхатига киритилганидан ҳам кўриш мумкин.
Бухоро маданий мерос объектларига бой ҳудудлардан биридир. Бугунги кунда вилоятда жами 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 507 таси архитектура, 287 таси археология ёдгорликлари, 17 таси монументал санъат асарлари ҳамда 18 таси диққатга сазовор жойлардир.
Бухороликлар бугун ҳам Янги Ўзбекистон ислоҳотларида фаол иштирок этмоқда. Вилоятнинг туризм салоҳияти янада кенг тарғиб қилиниб, Ўзбекистонни сайёҳлик ривожланган давлатлардан бирига айлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Оммавий тадбирда инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга йўналтирилган, инсон қадри устувор бўлган халқпарвар жамият – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида “Қадриятларга таянган тараққиёт!” шиори остида ишлаб чиқилган “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури мазмун-моҳияти билан кенг таништирилди.
Таъкидланганидек, партия томонидан “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори бежиз илгари сурилаётгани йўқ. Бу миллий-маданий қадриятлар ҳамда замонавий тараққиётнинг уйғунлигида Ўзбекистонни қудратли давлат, халқни фаровон бўлиш йўлидаги бирлаштирувчи даъватдир.
Бутун дунёда инсоният тўкин иқтисодиёт қурди, лекин фаровон жамият қура олмади. Бунинг сабаби инсониятни бахтли қилиш учун фақатгина иқтисодий фаровонлик камлик қилар экан.
“Миллий тикланиш” учун энг устувор масала – бу тарбия. Янги дастурда ҳам ана шу ғоядан келиб чиқиб, баркамол авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида тарбия ва таълим, яъни мактабгача ва мактаб таълимига устуворлик берилган. Бу борада боғча ва мактабларга тарбиячи ва ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартибини жорий этиш, “Янги авлод педагогларини тайёрлаш Давлат дастури”ни қабул қилиш ташаббуси илгари сурилмоқда.
Бундан ташқари, оилани мустаҳкамлаш, аёллар, ёшларга муносиб шароитлар яратиш, шу билан бирга, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш ҳам энг муҳим вазифа ҳисобланади. Шу билан бирга, тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, истеъмол товарларининг таркиби, сифати ва нархи мутаносиблигини таъминлаш муҳим саналади.
Шундан келиб чиқиб, дастурда “Ўзбекистонда соғлом овқатланиш миллий Концепцияси”ни қабул қилиш, таркибида “GMO” бўлмаган маҳсулотларни оммалаштириш билан боғлиқ таклифлар ҳам илгари сурилган.
Партия сайловолди дастурида ташқи ёзувларни тартибга солишга қаратилган “Ташқи ёзувлар тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, “Давлат тили ҳақида”ги қонунни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, давлат тилида иш юритмаган раҳбарларга кескин чоралар кўриш каби ташаббуслар илгари суриляпти.
Сўзга чиққанлар шулар ҳақида гапириб, бухороликларни 27 октябрда ўтадиган сайловларда “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг номзодларини қўллаб-қувватлашга чақирдилар.
Тадбир таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар билан давом этди. Бир сўз билан айтганда, бундай оммавий тадбирлар партия хайрихоҳларини бир мақсад атрофида бирлаштириб, Янги Ўзбекистонни “Миллий тикланиш”дан кўрсатилган номзодлар билан бирга қуриш иштиёқини янада оширади.
LiveБарчаси
Путин Тўқаевга ҳам ҳамдардлик билдирди.
28 Декабрь