Бишимбаевнинг холаваччаси муддатидан олдин озодликка чиқди
Олам
−
23 июл 3126 3 дақиқа
Кеча, 22 июль куни Салтанат Нукеновани ўлдириш иши бўйича қамалган Бахитжан Байжанов озодликка чиқарилди. Тегишли қарор суд томонидан амнистия акти қўлланилиши муносбати билан қабул қилинди. Бу ҳақда “NewTimes.kz” хабар берди.
“Бугун бўлиб ўтган суд мажлисида суд Бахитжан Байжановга нисбатан амнистия актини қўллади ва уни дарҳол озод қилиш ҳақида қарор чиқарди. Жазонинг ўталмаган қисми уч ойдан сал кўпроқ вақтни ташкил этаётган эди. Бугуннинг ўзидаёқ Бахитжан ўз оиласи бағрига қайтмоқда”, дейди адвокат Газиз Интиқбаев.
Бахитжан Байжановнинг озод қилинишига Оқмўла вилоят суди матбуот хизмати изоҳ берган.
“Маҳкум оғир жиноят содир этган. Муассаса томонидан тақдим этилган маълумотномага кўра, Байжанов салбий хулқ-атворга эга эмас. Ўталмаган муддат 3 ой 18 кунни ташкил этади. Суд мажлиси давомида маҳкум амнистия акти қўлланилишига эътироз билдирмади. Кўрсатилган ҳолатларда суд муассаса тақдимномасини қаноатлантиради, асосий жазонинг ўталмаган қисми миқдори қолган бутун муддатга қисқартирилди”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоиз, ҳукм чиқарилгандан сўнг Бахитжан Байжанов бир неча бор озодликка чиқишга уринган. 2024 йилда унинг илтимосномаси судьяга топширилган ва у кўриб чиқилган. Бундан ташқари, ўтган йили ҳам Байжанов амнистия тўғрисидаги қонунга асосан жазо муддатини қисқартиришни сўраб судга мурожаат қилган.
Бишимбаев иши
2023 йилнинг 9 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси собиқ миллий иқтисодиёт вазири Қуандик Бишимбаевнинг турмуш ўртоғи Салтанат Нукенова тан жароҳати олиб, Остонадаги ресторанлардан бирида вафот этди. Суд жараёни очиқ режимда ўтди ва Қозоғистон Республикаси Олий судининг YouTube-каналида онлайн трансляция қилиб борилди. Суд жараёнида ҳакамлар ҳайъати иштирок этди. 2024 йилнинг май ойи ўрталарида Салтанат Нукеновани ўлдириш ва қийноқлар қўллашда айбланиб, Қуандик Бишимбаев 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Унинг қариндоши (холасининг ўғли) Бахитжан Байжанов эса жиноятни яширишда айбдор деб топилиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинди. Кейинроқ Қуандик Бишимбаев иши бўйича апелляция шикояти берилган. 11 июнь куни апелляция шикояти Остона судига топширилди. 2024 йил 26 июнь куни Остона суди суд ҳайъати томонидан Қуандик Бишимбаев ва Бахитжан Байжановнинг апелляцияси бўйича қабул қилинган қарорни эълон қилди. Ҳар икки маҳкумга нисбатан чиқарилган ҳукмлар ўзгаришсиз қолдирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Куандик Бишимбаевнинг жазони ўзига тайинланган жойда ўтамаётгани, балки бутунлай қочиб кетгани ҳақида тарқалган хабарларга Жиноий жазоларни ижро этиш тизими қўмитаси муносабат билдирганди. Собиқ вазирнинг “ғойиб бўлиши” ҳақида AIRAN журналистлари хабар берганди. Улар суддан сўнг Бишимбаев Аршали қишлоғи яқинидаги колонияга жўнатилиши керак бўлганини айтган. Телеканалнинг суратга олиш гуруҳи колонияда ҳукм қилинган шахс борлигини текширишга борган, аммо уни топа олмаган.
Шу заҳоти ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилиб, собиқ амалдор гўё узоқ вақт озодликда, энг ёмони эса – айни пайтда хориждалиги ҳақида тахминлар пайдо бўлган. Бироқ жазони ижро этиш хизмати Бишимбаевнинг қочгани ҳақидаги маълумотни дарҳол инкор этганди.
Шунингдек, рафиқаси Салтанат Нукенованинг ваҳшийларча ўлдирилишида айбдор деб топилиб, 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев ўзи жазо ўтаётган колония маъмуриятини судга берганди. У муассаса томонидан рағбатлантирилмаётгани сабаб судга ариза билан мурожаат қилган.
Live
Барчаси