Биринчи Президентнинг жиян келинига нисбатан жиноят иши тергови якунланди

Олам

image

Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдининг собиқ рафиқаси Гулмира Сатибалдига нисбатан корхоналар акцияларини ноқонуний ўзлаштириб олиш фактлари бўйича тергов якунланди. Бу ҳақда кеча, 19 декабрь куни Қозоғистон коррупцияга қарши кураш давлат агентлиги матбуот хизмати хабар берди.  

"Коррупцияга қарши кураш хизмати Гулмира Сотибалдига нисбатан корхоналар улушларини ноқонуний ўзлаштириб олиш, жумладан, одам ўғирлаш билан боғлиқ иккита факт бўйича терговни якунлади. Жабрланувчиларга етказилган зарар миқдори 6,6 миллиард тенгедан ортиқни ташкил этади”, дейилади матбуот хизмати хабарида.  

15 декабрь куни жиноят иши айблов хулосаси билан гумонланувчиларни судга олиб келиш масаласини ҳал қилиш учун прокуратурага юборилган.  

Департаментнинг эслатишича, Гулмира Сотибалди, унинг “Ариа-Жана Астана” МЧЖ компанияси бошқарувидаги корхона раҳбарияти ва давлат органларининг мансабдор шахслари ҳам объектлар қурилишига ажратилган бюджет маблағларини ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. 

"Тергов босқичида давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланди. Мазкур факт бўйича ҳам терговга қадар текширув якунланди, иш гумонланувчилар ва уларнинг адвокатларига топширилди", дейилади хабарда. 

Шу билан бирга, Гулмира Сотибалдига нисбатан бизнесларни тортиб олиш ва ноқонуний қамоққа олишнинг бошқа эпизодлари бўйича тергов давом этмоқда.

Гулмира Сатибалди шу йилнинг 16 мартида қўлга олиниб, Остонадаги вақтинчалик ҳибсхонага жойлаштирилган. Эртаси куни Коррупцияга қарши кураш агентлиги у ва бошқа шахсларнинг бизнесни босқинчилик йўли билан тортиб олгани учун тергов қилинаётгани ҳақида хабар берди. Март ойида Чимкент Коррупцияга қарши кураш агентлиги “Чимкент шаҳар йўловчи транспорти ва автомобиль йўллари бошқармаси” давлат муассасаси мансабдор шахслари ва “Ариа-Жана Астана” МЧЖ раҳбарияти, жумладан Гулмира Сатибалдига нисбатан тергов ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эди. У 2021 йилда амалда тугалланмаган қурилиш-монтаж ишлари учун тўланган катта миқдордаги (747 млн тенге) бюджет маблағларини ўзлаштиргани аниқланган. Апрель ойида Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати Сатибалди Универсиада-2017 объектларини таъмирлаш учун маблағларни ўзлаштирганликда ҳам гумон қилинаётгани ҳақида хабар берган. 

Гулмира Сатибалди Қайрат Сатибалдининг собиқ рафиқаси бўлиб, у ўз навбатида Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни, “Forbes Kazakhstan” талқини бўйича мамлакатнинг энг нуфузли бизнесменлари рўйхатига киритилган. 

Март ойи ўрталарида Сатибалди мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва “Казактелеком” АК маблағларини ўта катта миқдорда ўғирлашда гумонланиб ҳибсга олинган эди. 

Сентябрь ойида Остона суди Қайрат Сатибалдини давлат маблағларини ўзлаштиришда айбдор деб топиб, мол-мулки мусодара қилиниб, 10 йил муддатга давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда олти йилга умумий тартибли колонияга ҳукм қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

455

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made