Биринчи мақола: Биз маймун бўлишдан чарчадик
Таҳлил
−
05 Февраль 2019
18170Биринчи марта ҳайвонот боғига борганимни эслайман. Боғ ҳовлисида бир амаки иккита маймун болачаларини кўтариб турибди. Дарахтга илиб қўйилган қоғозда маймун билан расмга тушиш пуллик экани ёзилганди. Муҳими ихтиёрий. Ҳозир текинга расмга тушаётган мажбур “маймунлар” ҳам талайгина... Ҳалиги амакига ўхшаганлар ҳам...
- 2323
- 123123 123
- 213123
Ўқитувчи кейинги дарсда автобус келиши, “паток” 100% Тошкент фотосуратлар уйига боришимизни алоҳида таъкидлади. Ким бормаса, “нб” қўйилади. Семестр охирида яхши баҳо ололмайди. Ўша кун келди. 90% талаба домланинг давоматидан кейин қурутдай санаб, автобусга чиқарилди, манзилга етиб келдик. Номига ўтган 10 дақиқалик экскурсиядан сўнг, умумий расмга тушдик. Ана, ундан кейин ҳамманинг ихтиёри ўзига берилди. Хоҳлаган қолиб, томоша қилсин. Хоҳлаганлар кетаверсин. Сезилдики, мақсад расмдан иборат экан.
- Бир куни ётоқхонага изма-из олтита ўқитувчи кириб келди. Билсак, университетнинг психологлари экан. Ҳамма йиғилсин, тренинг ўтиб берамиз,
- дейишди. Талаба қизларни йиғишгача кўп вақт ўтди. Ўқув залига йиғилгач, навбатма-навбат кичик-кичик психологик маърузалар бошланди.
- Маърузачиларнинг кўзи нуқул бир талабага ишора қилади: “Бу тарафдан ол”, “У тарафдан ол”. Чаққон талаба олти маърузачини шақиллатиб
- расмга олди. Олтинчидан кейин иш битди, тренинг умумий мазмуни тугамаган бўлса ҳам, суҳбатга ўша ерда нуқта қўйилди. (Уларниям рўзғори
- бор, соат кеч етти бўлди, ишдан чиқиб, кириб ўтишган, расм тушишса бўлди экан.)
-
Яна айни мазмундаги гапларнинг сон мингтаси қулоққа чалинган. Бир куни инглиз тили ўқитувчиси айтиб қолди:
— “Терроризмга қарши кураш” мавзусида тадбир ўтказишим керак, бирор кун ҳаммани бирга расмга олсак, ҳужжатга тикиб қўйишга бўлар-а?
— Сиз терроризм бўйича мутахассис ёки маънавиятчи эмассиз-ку?
— Иш режада бор-да, бажаришим керак. Расмлари билан топширишим керак.
—Расм нега керак?
— Ия, расми бўлмаса комиссия ишонмайди.
— Тадбирнинг ўзи бўлмасаям, расми бўлиши керакми?
—Ҳа-а-а, албатта. Бизнинг юклама шунақада, балл беради. Иш “план”имда ҳар бир ишим ҳисоб-китоб қилинади...
***
Таниш-билиш, мактаб, коллеж ва ОТМда ишлаганлардан суриштирдим. Илк расмбозлик анъаналари республикага бундан қарийб 15 йил аввал кириб келган. У аввал мактаб ва коллеж ўқувчилари билан ўтказиладиган тадбирларни туман ҳокимияти ва РайОНОга етказишнинг амалий услуби сифатида қўлланилган. Бора-бора ҳар бир иш, ҳар бир ўзгариш исбот талаб қила бошлаган. Мактаб директорлари у мажлисдан бу мажлисга ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари қўлларида конверт билан, қилинган ишлар ҳисоботини суратларда акс эттириб мажлисларга боришни одат қилишган. Суратлар кўргазмасига бўлган қизиқиш шу қадар авж олганки, энди ҳар шанбалик, ҳар бир тадбир, ҳатто, қишда чакки ўтганидан тортиб, ёзда ўша ернинг дуруст таъмирлангани ҳам суратга туширилиши оғзаки равишда мажбурий этиб белгиланган.
Мактабларда бошланган ҳаракатлар, кейинчалик республиканинг барча таълим муассалари томонидан фаол давом эттирилиб, энг юқори ташкилотларда ҳам юклатилган вазифаларнинг ижросини ана шундай ифодалаш урфга кирди. Суратларда асосан мактаб ёки коллежларда ўтказилган (аксарият ҳолларда ўтказилмаган) маданий-маърифий тадбирлар, доимий ўтказилаётган “тўгарак”, шанбаликлар ёритиб борилган. Чунки расмларнинг бир қарич тили бор, улар бажарилган ишлар ҳақида раҳбарларга аниқ-тиниқ сўзлай олади, деган қараш шаклланиб бўлган ҳозиргача. Ҳа ҳозиргача, биз амалда қилинган ишлар, уларнинг натижаси ўлароқ, баъзан яхшилаб, баъзан ўлда-жўлда олинган тасвирларга суяниб қолганмиз.
Ўша вақтларда таълим муассасалари раҳбарлари мактабларида бўлиб ўтган тадбир ёки шанбаликни суратга туширтириб, уни қоғозга чиқартириб, РайОНОдагиларнинг қўлига етказиш учун ўртача 15-20 минг сўмдан пул сарфлашган. Бу анъана ҳозир бироз камчиқим кўринишда давом эттирилаётганига нима дейсиз...
Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожи расмбозликнинг тараққиётида ҳам ўз аҳамиятини кўрсатди. Яъни ҳозирга келиб расмларни чиқариш, уларни бир манзилдан иккинчисига кўтариб боришга ҳожат қолмади. Бунга сарфланадиган маблағлар энди камчиқим ва қулай интернет трафик учун сарфланяпти. Ўша-ўша мазмундаги тадбирпарварлик мактаб, лицей, коллеж раҳбарлари, ҳокимлик ва РайОНО мансабдорларидан иборат Telegram гуруҳларида давом эттирилмоқда. Энди мактаб, лицей, коллеж раҳбарлари кун давомида қилган ишларини, йўғ-эй тушган суратларини шу гуруҳга жўнатадилар. Мансабдорлар эса “хм, яхши” деган жавоб йўлласа, олам гулистон. Ким зўр, фалончи расмга қойиллатиб фотосессия қилган мактаб раҳбари зўр. Тажрибаси, илми билан нима ишингиз бор? Болалар билан муносабатини ҳам қўя туринг. Расмга чиройли тушяпти-ку барака топгур.
Сал қолса унутай дебман, интернетни доим ёмон дейдиган ўқитувчиларимиз гала-гала бўлиб Facebook’да ўтиришибди. Кулайми ё ўлайми? Ойим бир нарсани ёмонлама, 40 кун ўтмай ёнингга келади, дердилар. Ёнларига келгани шу бўлса керак а?
Ёшлари 60 ни қоралаган қўшнимиз мактаб директори бўлиб ишлашларини Facebook’да кўриб билдим. Уйга қайтаётиб учрашиб қолдик. Гап орасида ижтимоий тармоқдаги саҳифа ўзингизникими, деб сўрадим. “Ҳа, яқинда очиб беришди. Замон шуни талаб қилаётганмиш. Таълимда ёш-яланг кўпайиб кетди. Шулардан қолмайлик деб нима дейишса, хўп деб бош эгиб турибмиз. Бўлмаса Американи кўрмаган, компьютерни тушунмаган, янги замоннинг саводсизига чиқиб қоляпмиз. Фейсни унча тушунмадим, телеграмни бинойидек ишлатяпман. Секретарим ўзи расмга олиб, ўзи жойлаб, ўзи мени номимдан ёзиб ўтирибди”, дейди опа.
Шу ўринда савол туғилади: Fecebook, Telegram’да ўтирган мактаб ўқитувчилари, тинимсиз суратга тушиб, уни раҳбариятга кўз-кўз қилаётган “замонавий” директорлар, боғча мудиралари, декан, проректор, ректорлар шуларнинг ўрнига ўз билимини янада ошириш, чин маънода самара берадиган ишларга вақт ажратса бўлмайдими? Бўлади, албатта. Лекин бу уларнинг қўлида эмас, расм қани, расм деб ниқталаб турган ака-опаларнинг қўлида. Шу пайтгача кўриб турган жамики расмлар ортида ҳақиқий меҳнат, амалдаги иш бўлганда, натижаларимиз биз режа қилгандан ҳам аъло бўлармиди ҳар ҳолда.
Таълим муассаларида ишлаётган — хоҳ у мактаб, коллеж ёки олий таълим муассаси бўлсин, ўқитувчилар ҳамиша ортиқча қоғозбозликдан нолиб келган. “Маърифат” газетасининг 2018 йил 17 январь сонида “Муаллим қадр топса, таълим-тарбия юксалади” номли таҳлилий мақола чоп этилган. Журналист умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчиларидан ўз устида қай даражада ишлаётгани масаласида сўровнома ўтказган. Ўқитувчиларнинг аксарияти бунга вақти йўқ эканини таъкидлаган. Респондентлардан бири “Ўқитувчи ҳужжатлари” сарлавҳали тайёрлаши керак бўлган 23 та ҳужжат рўйхатини ёзиб берган... (Шундай бўлса-да, ўтган йил давомида уларнинг сони кескин қисқартирилиб, ҳозир асосий 3 та ҳужжат текширилади.)
Шунингдек, олий таълим муассалари ўқитувчиларининг шахсий иш режаларини синчиклаб қараб чиқилганда айни хусусиятларга дуч келиш мумкин.
Ўқитувчининг шахсий иш режаси тўрт асосий пункдан иборат:
I. Ўқув юкламаси
II. Ўқув-услубий ишлар
III. Илмий тадқиқот ишлари
IV. “Устоз-шогирд” ишлари
Қолаверса, уларнинг ҳар бири бир неча қисмга бўлинади. Мисол учун, университет ўқитувчиларининг ўқув-услубий ишларинининг турлари 10 та, “Устоз-шогирд” ишларининг турлари 17 тани ташкил этган.
Ҳужжатда, “Устоз-шогирд” ишлари 1 ҳажмда ишлаб турган ҳар бир ўқитувчи умумий ҳисобда 20 балл тўплаши лозим, деб белгилаб қўйилган. Бу ишларнинг орасида мана бундай турлари ҳам мавжуд:
“Спорт, маданий-маърифий ва ижодий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш:
– 1 балл (30 кишигача бўлган ҳар бир тадбир учун);
– 2 балл (60 кишигача бўлган ҳар бир тадбир учун);
– 3 балл (100 киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир тадбир учун);
(Ҳаммуаллифликда ўтказилганда жами баллар муаллифларга тенг тақсимланади).
Ташкил этилган мазкур тадбирларда иштироки (камида 14-15 нафар талаба билан) учун – 0,5 балл”
Бундан ташқари, “Талаба олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинганда янги шароитга адаптация жараёнини ўташга ва олий таълим муассасасида бўлган чоғида вақтини тўғри тақсимлашга ёрдам бериш”, “Талабаларни ахборот билан таъминлаш ва интервью бериш” каби ва бошқа қисмлари ҳам бор. Биз буни устозларимизнинг беминнат меҳри ифодаси, тажрибасини бўлишиш деб ўйлардик, қарангки, ўқитувчининг ҳар бир хатти-ҳаракати, айтган сўзларининг ҳисоб-китоби бўлса...
Барча тайёрланган ҳужжатлар қуйидаги низомлар асосида текширилиб, баҳо берилади:
Ўқитувчидан сўраб кўрдим:
— Устоз, бу-у-унча ҳужжат тайёрлаш керак бўлса, дарсга қачон тайёргарлик кўрасизлар?
— Уни ҳам қилиш керак аслида, тайёргарлик кўриш энг сўнгги даражада. Чунки ҳеч ким буни текшириб ўтирмайди, қоғозлар жойида бўлса бас...
Мен бир ўқитувчини биламан, декан ўринбосари бўлгани учун дарсга йўл-йўлакай кириб, ҳужжатлари аллақаёқларда қолиб кетади. Шундоқ кириб келиб, дарсни бошлайди. 40 та талаба миқ этмай тинглайди, савол бўлса сўрайди. Қойил қилиб жавоб беради, мана бу ҳақиқий дарс. Ўқитувчининг ўргатмоқчи бўлганлари хонасида қолган ҳужжатларнинг ичида қолиб кетмаган, миясида кўтариб келган, ўзи билан бирга.
Яна бир ўқитувчини биламан, унинг дарсга киришидан олдин битта талаба бориб, ҳужжатларни ярмини кўтариб келиши керак. Ярим соатлик давоматдан кейин проектрда тақдимот намоён бўлади. Мана ҳақиқий дарс бошланди, деб ўйласангиз адашасиз, устоз энг охирги партага бориб, уни бизга сўзма-сўз ўқиб беради, биз ёзиб оламиз. Бошқа саҳифага ўтамиз, кейин кейингиси... Бошқа дарслар, навбатдаги маърузалар ҳам... Кейинги йиллар ва келажак...
Тўғрида, устоз уни тайёрлагану, ўқиб чиқишга улгурмаган, бундан бошқа, ундан муҳим яна мингта иши бор ахир. Бир-биридан оғир “папка” ларининг сони салгина камроқ бўлса, ҳарна гапириб берармиди, ҳарна эшитар, устоз дея эъзозлармидик...
Мана, энди тушунарли ўқитувчиларнинг тадбирпарварлиги, қоғозсеварлиги, “маймун” тўла расмларга ўчлиги ва энг ачинарлиси ўқиб бериладиган “презентация”, маъруза ўрнига ҳаёт сабоқларию, автобиографиялар... Давомат дафтаридан узун рўйхатдаги ҳужжату расмларни йиғишга анча-мунча вақт кетади, асаб ҳам, сабр ҳам керак. Айтганча, пул ҳам, маоши етармикан рўзғрига, қағозу расмлари, ҳалиги қалин “папка” ларнинг донаси ҳам яхшигина пул туради.
Ўқитувчининг камроқ ҳужжат тайёрлашининг бир неча ижобий томонлари бор: ҳужжатбозлик камайса, ўқитувчи ўз устида кўпроқ ишлайди, камроқ асабийлашади (Хориж давлатларининг бирида бу касб ниҳоятда масъулиятли ва маънан оғир ҳисобланиб, йигирма йил давомида ўқитувчи бўлиб ишлаган фуқаронинг кўрсатмаси судда инобатга олинмайди). Ўз устида кўп ишласа, яхши ва сифатли таълим беради. Сифатли таълим учун талабалар ҳам миннатдор бўлади, асосийси, шартнома пулини оғринмасдан, рози бўлиб тўлайди. Халқ ОТМ деганда тўрт йиллик борди-келдидан кейин қўлига фақатгина диплом берадиган муаассани тушунмасди. Аъло таълим берилиши мамлакатда ўз ишини, бурчини биладиган ва ақл билан бажарадиган сифатли кадрларни етиштиришда асос бўларди.
***
Яқинда умримда иккинчи марта ҳайвонот боғига бордим. Бошқа амаки бошқа маймунларни кўтариб турибди. Расм тушиш пуллик, ихтиёрий бўлса ҳам. Шунча йиллар ўтибди, амакилар маймунлардан ҳалиям расмга тушиш учун фойдаланмоқда. Энг қизиғи маймун ҳам фақат расмга тушишни билади, амаки ҳам ўша ҳаётга мослашган. Биз эса “маймун” бўлишдан чарчадик.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15