Биринчи қадамларни футболни рақамлаштиришдан бошлаймиз – Баҳодир Қурбонов

Спорт

image

Бироз олдин бўлиб ўтган ЎФА биносида бўлиб ўтган навбатдан ташқари конгрессда ташкилот президенти этиб сайланган Баҳодир Қурбонов ўзининг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида гапирди.

“Делегатларга менинг номзодимни ЎФА президентлигига лойиқ кўргани учун миннатдорлик билдираман. Барчага маълумки, футбол Ўзбекистонда оммавий ва энг севимли спорт тури ҳисобланади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан юртимизда футболни ривожлантириш, янги даражага олиб чиқишга қаратилган кўплаб муҳим ҳужжатлар имзоланди. Бу эса ўз навбатида сўнгги йилларда футболимизда катта ўсишга туртки бўлди. FIFA ва ОФК билан ҳамкорликда футболимиз инфратузилмасини яхшилаш, футбол билан шуғулланиш учун қулайликлар яратиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз халқаро майдонда ёрқин ғалабалар қайд этишмоқда. Ўтган йили футболимиз тарихида биринчи маротаба U-23 терма жамоамиз ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этди, U-20 терма жамоамиз Осиёда тенгсиз деб топилди. Ўсмирлар терма жамоамиз Жаҳон чемпионатида кучли саккизликдан жой олди. Бугунги кунда Ўзбекистон энг нуфузли футбол турнирлари мезбони сифатида эътироф этилмоқда. FIFA Президенти Жанни Инфантино 2024 йил Ўзбекистон мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатини тарихдаги энг зўри сифатида баҳолади. Ўз навбатида, менинг янги лавозимдаги вазифам мана шу ривожланишни давом эттирган ҳолда янада катта натижаларга эришиш учун барча имкониятларни ишга солишдан иборат”, дейди Қурбонов.

Шунингдек, Баҳодир Қурбонов ташкилот президенти сифатида вазифани адо этишда ҳар бир мутахассиснинг билими ва ёрдами зарур эканини таъкидлади. 

“Умид қиламанки, футбол соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир инсон давлатимиз раҳбарининг бераётган ишончини оқлаш, мухлислар кутаётган натижаларни қайд этиш учун ўз вазифаларига масъулият билан ёндашади. Ҳурматли конгресс иштирокчилари, мен президент сифатида бугундан айтаманки, ҳар бирларингизнинг билим, илмларингизга, ёрдамларингизга муҳтожман. Ўйлайманки, биз биргаликда бу масъулиятли вазифани амалга оширамиз. Олдимизда катта мақсадлар турибди. Миллий терма жамоамиз яқин вақт ичида Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг ҳал қилувчи баҳсларида иштирок этади. Мундиалда қатнашиш халқимизнинг азалий орзуси ҳисобланади. Мухлисларнинг ишончини қозониш, стадионларни ишқибозлар билан тўлдириш, футболда ҳалоллик, шаффофликни таъминлаш борасида катта вазифалар турибди. Ўйлайманки, футбол мутахассислари, ОАВ биргаликда ва ҳамжиҳатликда ишлаб, мақсадимизга етамиз. Биринчи қадамларимизни футболни рақамлаштиришдан бошлаймиз. Рақамлаштириш шаффофлик, ёш футболчиларни тарбиялаш, илмий нуқтаи назардан кузатиш имконини беради. Яна бир бор конгресс иштирокчиларига раҳмат айтаман ва ишончларингни оқлаш учун барча имкониятимни ишга соламан”, дейди Баҳодир Қурбонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳодир Қурбонов ЎФА

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг